Урганч шаҳрида Хоразм вилояти ҳокимлиги мутасаддилари хитойлик инвесторлар билан учрашди.
Давлатимиз раҳбари жорий йилнинг 1-2 май кунлари Хоразм вилоятига ташрифи чоғида ҳудудга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, хусусан хитойлик сармоядорлар билан лак-бўёқ, шиша маҳсулотлари ва электротехника йўналишларида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш бўйича бир қатор топшириқлар берган эди.
Хитойнинг йирик компаниялари вакиллари билан учрашув давомида уларга маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун вилоятда яратилаётган имкониятлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Инвесторлар томонидан вилоятда кимё, металл, яшил энергетика ва бошқа саноат лойиҳалари бўйича таклифлар билдирилди. Улар орасида энг йириги Ўзбекистон – Хитой технопаркини ташкил этиш лойиҳасидир.
Учрашувда мазкур технопарк ҳудудида электротехника, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги ва яна бошқа соҳаларда ҳамкорликда амалга ошириладиган ишлар келишиб олинди.
[gallery-24340]
– Албатта, ушбу лойиҳалар Ўзбекистон Республикаси Президенти ташаббуси ва қарорлари асосида амалга оширилмоқда, – дейди хитойлик инвестор Пак Юн. – Уни рўёбга чиқаришда вилоят ҳокимлиги яқиндан ёрдам беряпти. Ҳозир кимё, металл, яшил энергетика, қуёш панелларини ишлаб чиқариш лойиҳалари амалга оширишга шай ҳолатда. Шунингдек, Ўзбекистон – Хитой технопаркига кириб келиши кутилаётган инвестиция лойиҳаларимизнинг қиймати 1 миллиард доллардан ошмоқда. Бу Ўзбекистон, айниқса, Хоразм иқтисодиёти ривожида жуда катта аҳамият касб этади. Бундан ташқари, бу каби мулоқотлар натижасида яна бошқа лойиҳаларимизга ҳам старт берилади. Хусусан, инновацион усулда картошка етиштиришни ташкил этиш лойиҳаси ҳам истиқболга эга.
Мулоқот давомида қатор йўналишларда келишувларга эришилди. Мазкур ҳамкорлик фақат инвестицияларни жалб қилиш эмас, балки янги технологиялар ва иш ўринлари яратишга ҳам хизмат қилади.
– Мен Ўзбекистонга биринчи келишим, – дейди хитойлик инвестор Фанг Ян. – Сизнинг мамлакатингизда биз инвесторларга яратилаётган шароитлар ва олиб борилаётган ислоҳотлар мени лол қолдирди. Бу эса Ўзбекистоннинг Хитой билан инвестиция ва иқтисодий алоқаларни кенгайтиришига замин яратади. Хитой ҳозирги кунда Ўзбекистоннинг яқин ҳамкори ҳисобланади. Биз ҳам ушбу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Хоразмга “Яшил энергия” бўйича қуёш панели, инвертор, батарея ва ушбу қурилмалар учун платалар ишлаб чиқариш бўйича 45 миллион долларлик ҳамкорлик инвестиция шартномасини имзоладик.
Маълумот учун, вилоятнинг Қўшкўпир туманида 175 гектар майдонда “Ўзбекистон – Хитой технопарки” ташкил қилинмоқда. У ерда 1 миллиард долларлик 16 та инвестиция лойиҳалари амалга оширилади.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари