Хоразмда “ЎзА кунлари” ўтказилмоқда
Янги лойиҳа: ҳудудларда “ЎзА кунлари”
Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги — ЎзАнинг ҳудудлардаги фаолиятини янада жонлантириш, маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан ахборот соҳасидаги стратегик ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш ҳамда вилоятларнинг ижтимоий-иқтисодий салоҳиятини кенг тарғиб қилиш мақсадида Хоразм вилоятида “ЎзА кунлари” лойиҳасига старт берилди.
[gallery-28379]
2026 йилнинг 27-28 март кунларига режалаштирилган мазкур тадбирлар доирасида Агентлик раҳбарияти ва таниқли журналистлардан иборат ижодий гуруҳ дастлаб Абу Райҳон Беруний номидаги Урганч давлат университетида бўлиб, талабалар ҳамда профессор-ўқитувчилар билан самимий мулоқот ўтказди. Учрашув аввалида меҳмонлар олий таълим даргоҳи олимлари ва иқтидорли ёшлари томонидан яратилган инновацион маҳсулотлар намуналари билан яқиндан танишиб, ҳудудий илм-фан ютуқларига юқори баҳо берди.
Тадбир давомида “Жайҳун” талабалар оркестри томонидан ижро этилган миллий ва замонавий куй-қўшиқлар йиғилганларга кўтаринки кайфият бағишлади. Шунингдек, университетнинг ахборот-кутубхона марказида ЎзАнинг маҳоратли фотожурналисти Алимурод Мамадаминовнинг Хоразм спортига бағишланган “Спортимиз — фахримиз” номли шахсий фотокўргазмаси намойиш этилди. Ушбу экспозиция орқали иштирокчилар воҳа спортчиларининг зафарли лаҳзалари ва фотожурналистика санъатининг ўзига хос қирралари билан танишиш имконига эга бўлди.
Икки кун давом этадиган лойиҳа дастуридан вилоятда амалга оширилаётган йирик бунёдкорлик ишлари ва инвестицион лойиҳалар билан танишиш, аҳоли билан очиқ мулоқотлар ташкил этиш ҳамда ҳудуднинг туристик жозибасини акс эттирувчи махсус видеороликлар ва репортажлар тайёрлаш каби муҳим вазифалар ўрин олган.
<iframe width="412" height="732" src="https://www.youtube.com/embed/WN8cv3o26CM" title="Xorazmda “O`zA kunlari” tadbirlari boshlandi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА мухбирлари