Хоразмда эрталабки оммавий бадантарбия машғулотлари кундалик одатга айланмоқда
Соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш ва аҳоли ўртасида жисмоний фаолликни ошириш борасида Хоразм вилоятида ижобий анъана қарор топмоқда. Сўнгги пайтларда вилоятнинг шаҳар ва туманларидаги маҳаллалар, ташкилот ва муассасаларда ўтказилаётган эрталабки оммавий бадантарбия машғулотлари нафақат спорт тадбири, балки аҳолининг кунни кўтаринки руҳда бошлашини таъминлайдиган гўзал одатга айланди.
Вилоятнинг деярли кўпчилик бошқармаларида иш вақти олдидан эрталабки бадантарбия машғулотлари кенг миқёсда ташкил этилмоқда.

Бундай хайрли ташаббус энг аввало Хоразм вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ходимлари ўртасида кузатилади. Бошқарма ходимлари ҳар куни эрталабдан соғлом турмуш тарзи тамойилларини оммалаштиришга қаратилган бадантарбия ва оммавий жисмоний-соғломлаштириш машғулотларини ўтказади.
– Ходимларимиз барча учун қулай ва фойдали бўлган енгил машқларни бажариб, кунни юқори кайфият ва тетиклик билан бошлайдилар, – дейди вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бош ҳамшираси Бикажон Матчонова. – Соғлом турмуш тарзи, шахсий гигиена, тўғри овқатланиш, мунтазам жисмоний фаоллик ва пиёда юриш ҳар бир инсон саломатлигини мустаҳкамлашнинг энг кучли омилидир. Хусусан, кунлик пиёда юриш юрак-қон томир тизими фаолиятини яхшилайди, кайфиятни кўтаради, организмни қувват билан таъминлаб, стресс даражасини сезиларли даражада камайтиради.

Эрталабки 15-20 дақиқалик оддий жисмоний машқлар инсонга кун давомида керакли бўлган юқори кайфият ва ишчанлик қобилиятини бағишлайди. Бу соғлом, узоқ умр кўришнинг энг оддий ва самарали сиридир.
Айниқса, Хива шаҳридаги тарихий обидалар атрофида очиқ ҳавода ўтказилаётган машқларда нафақат маҳаллий аҳоли, балки ҳудудга ташриф буюрган хорижий ва маҳаллий туристлар ҳам мамнуният билан иштирок этмоқда.

– Биз ҳар куни эрталаб бажариладиган бадантарбия машғулотларидан ташқари, шанба ёки якшанба кунлари олий ўқув юртимиз раҳбар ходимлари, профессор-ўқитувчилар ҳамда фаол талаба-ёшлар иштирокида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш мақсадида барчамиз қадимий Хива шаҳрида велосайр ташкил этамиз, – дейди Урганч давлат университети ректори Феруза Мадраҳимова. – Тарихий муҳит бағрида, эрта тонгнинг мусаффо ҳавосида ўтган мазкур тадбир иштирокчилар учун нафақат жисмоний фаолликни ошириш, балки жамоа ўртасида бирдамликни мустаҳкамлаш, ижобий кайфият ва соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилди.

Урганч шаҳридаги марказий истироҳат боғлари ва хиёбонларда эрта тонгдан мусиқа садолари остида чиниқиш машқлари бажарилмоқда. Айниқса, шаҳар марказидан оқиб ўтувчи Шовот каналининг икки соҳилида ташкил этилган сайилгоҳ ва пиёдалар йўлаги аҳоли орасида эрталаб бадантарбия қилиш ва кечқурун пиёда сайр қилиш одатини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
– Эрталаб бадантарбия қилиш ва кечқурун пиёда юриш одати инсон организми учун жуда мукаммал ва бир-бирини тўлдирувчи соғлом турмуш тарзи ҳисобланади, – дейди урганчлик Муҳиддин Авезов. – Улар куннинг турли вақтларида организмга турлича ижобий таъсир кўрсатади. Қўшниларим билан ҳар куни Шовот бўйида юрамиз, югурамиз, велосипед ҳайдаймиз. Хуллас, эрталаб ва кечқурун шу ердамиз. Чунки, кечки пайт, айниқса, овқатдан сўнг сокин суръатда пиёда сайр қилиш кун давомида тўпланган зўриқишларни ёзишга ёрдам беради.

Хоразмда 2 мингга яқин мактабгача ва 565 та мактаб таълими муассасаси мавжуд. Уларда қарийб 500 мингдан ортиқ болажонлар ва ўн минглаб ишчи ходимлар қамраб олинган. Ана шу масканларда ҳар куни бадан тарбия машғулотларининг бажарилиши вилоятда истиқомат қилаётган 2 миллион 200 мингдан зиёд аҳолининг қарийб 40 фоизи соғлом турмуш тарзига қадам қўйганлигини ифодалайди.
– Тасаввур қилинг, ҳар куни ўқув дарслари олдидан садо берадиган қувноқ куй ва бадантарбия машқлари миллионлаб қалбларни эзгулик ва жисмоний фаоллик атрофида бирлаштиради, – дейди вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Малика Аҳмедова. – Жажжи қўлларнинг бир маромда ҳаракатланиши, ўқувчи-ёшларнинг тетик нигоҳлари ва устозларнинг жўшқинлиги ушбу масканларга ўзгача шукуҳ бағишлайди. Таълим ва тарбия масканларини соғлом ҳаёт марказига ҳам айлантиради.


Хоразм вилоятида 500 дан ортиқ маҳаллалар мавжуд. Ушбу манзилларда ҳам спорт майдончалари, сайлгоҳлар, баҳаво жойлар ва маҳалла гузарларида ёшлар, меҳнат жамоалари ва нуронийлар жам бўлмоқда. Ушбу машғулотлар мунтазам равишда ўтказилиб, аҳолининг жисмоний фаоллигини оширишга хизмат қилмоқда.
– Биз ҳам неваралар ва фарзандларимиз билан эрталабки машқларда қатнашамиз, – дейди ҳазорасплик меҳнат фахрийси Яқуббой Қутлимуродов. – Туманимиздаги “Полвон” канали бўйида катта сайлгоҳ ташкил этилган. Эрталабдан мусиқа садолари янграб туради. Қариялар ва нуронийлар учун эрталабки бадантарбия машғулотлари жуда муҳим деб биламан. Бунда биз енгил, хавфсиз ва мушакларни зўриқтирмайдиган машқларни бажарамиз. Ёш ўтгани сари бўғинлар ва суякларнинг эгилувчанлиги камаяди, шу сабабли асосий мақсадимиз қон айланишини яхшилаш ва гавда мувозанатини сақлашдир.

Саломатлик эрталабки бадантарбиядан бошланади. Кунни фаол ва тетик бошлаш узоқ умр ва мустаҳкам саломатлик гаровидир. Шахсий гигиена, тўғри овқатланиш ҳамда ҳар кунги жисмоний фаоллик ҳар биримизнинг ҳаёт тарзимизга айланиши лозим.
Хоразм вилояти бўйлаб кенг оммалашаётган бу хайрли ҳаракат доимий тус олиб, аҳоли соғлиғини мустаҳкамлаш ва оммавий спортни ривожлантиришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири