Хоразмда дерматовенерологик касалликларга бағишланган семинар
Республика ихтисослаштирилган дерматовенерология ва косметология илмий-амалий тиббиёт маркази Хоразм вилоят ҳудудий филиалида соҳанинг етакчи мутахассислари иштирокида муҳим амалий ва илмий семинар бўлиб ўтди.
Семинар давомида ҳудудда энг кўп учрайдиган дерматовенерологик касалликларни келтириб чиқарувчи сабаблар, уларни эрта аниқлаш ва самарали даволаш чораларини кўриш, "Алопесия: келиб чиқиш сабаблари, клиникаси, замонавий диагностикаси ва даволаш усуллари", "Витилиго: патогенези, клиникаси, замонавий диагностика ва даволаш усуллари", "Қизил югурик" ва "Тери билан чегараланган васкулитлар" нозологияси бўйича миллий клиник стандарт ва протоколлари мазмун-моҳияти атрофлича тушунтирилди.

Шунингдек, тадбир доирасида ташхислаш ва даволаш жараёнида ижобий самарадорлик кузатилмаётган мураккаб ҳолатдаги беморлар учун бевосита кўриклар ва консультациялар ташкил этилади.

Ушбу амалий тадбирлар Хоразмда аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини ошириш ҳамда соҳа мутахассисларининг малакасини янада юксалтиришга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
ЎзА мухбири