Хивадаги "Арда Хива" туризм мажмуасида "Хоразм палови" халқаро ош фестивали ўтказилди.
Халқаро фестиваль вилоят ҳокимлиги ва ўндан ортиқ ташкилотлар ҳамкорлигида юксак савияда ташкил этилди.
—Президентимиз ташаббуслари билан Хива шаҳридаги “Ғовук” кўли атрофида 1,1 триллион сўмлик инвестиция ҳисобига 24,5 гектар майдонда 250 дан ортиқ туризм объектларини ўз ичига олган “Арда Хива” туристик мажмуаси барпо қилинди ва жорий йилда фойдаланишга топширилган эди, —дейди Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Саидов. — Мажмуа йилига бир ярим миллиондан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳларни қабул қилади. Бундан ташқари, туристларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил қилиш мақсадида ҳар йили бу ерда 10 дан ортиқ халқаро фестиваллар, 20 дан ортиқ маҳаллий оммавий тадбирлар ўтказилиб келинмоқда. "Хоразм палови" халқаро ош фестивали ҳам шулар жумласидандир.
"Арда Хива" туризм мажмуасига ўн минглаб хорижлик меҳмонлар ва маҳаллий аҳоли йиғилди. Мажмуа олдидаги кенг майдон байрамона безатилган, унинг ўртасида Янги йил байрами арчаси ўрнатилган. Даврада байрамона кайфият ҳукмрон.
Майдоннинг махсус қисмида эса эҳтимол дунёдаги энг катта дошқозонда, республикамизда ва бутун дунёда машҳур ошпазлар томонидан мамлакатимизда илк бор рекорд — 9 тонна оғирликдаги “Хоразм палови” тайёрланди.
— Мазкур палов мен ҳаётимда кўрган энг катта ҳажмли ош бўлиб, унга 2,5 тонна гуруч, 3 тонна гўшт, 3 тонна сабзи, 700 литр ёғ-мой, 100 килограммдан ортиқроқ пиёз, ундан ҳам кўпроқ майиз ва бошқа масаллиқлар ишлатилди. — дейди Ўзбекистон Ошпазлар уюшмасининг бош технологи Толибжон Умаралиев. – Палов учун Хоразмнинг энг яхши гуручларидан бири бўлган “Аланга” нави танланди. Катта ҳажмдаги ош чойхонада, тўй-базмларда ёки уйда тайёрланадиган оддий ошдан фарқ қилади. Таомга бир неча кун тайёргарлик кўрилди. Ҳатто, қозон остига, гўштнинг тагига қўйиладиган иликли суякнинг оғирлиги 300 килограмни ташкил қилди. Палов ўчоққа олов ёқилганидан сўнг ўн соат давомида пишиб тайёр бўлди.
Фестиваль доирасида меҳмонларга республикамизнинг 70 дан ортиқ маҳоратли ошпазлари иштирокида пазандачилик намойишлари ҳамда жонли маданий дастурлардан тақдим этилди.
Гастрофестивални бутун дунёдан келган хорижий ва маҳаллий ОАВлар, миллионлаб кузатувчисига эга бўлган фудблогерлар тўғридан - тўғри намойиш этиб, ёритиб борди.
—Аминманки, дунёда, барибир, ўзбек паловининг мазаси ва қувватига етадигани йўқ, — дейди халқаро эксперт Мустафа Алжабен. – Таом тайёрланаётган дошқозонни аслида ўзбек халқи “Дўстқозон” дейди. Бу улкан қозон халқларнинг умумий фаровонлиги, дўстлиги ва меҳмоннавозлиги рамзидир. Бугунги фестивалга Бутунжаҳон бош ошпазлар ҳамжамияти уюшмаси (WACS) ҳам катта қизиқиш билдирган. Бу ҳам бўлса, Ўзбекистонда ушбу гастрономик туризм йўналишига катта эътибор қаратилиши туфайлидир.
Тўққиз тонна ошнинг бир қисми фестиваль иштирокчиларига тортиқ этилди. Ундан татиб кўрганлар ўзига хос таъм ва бетакрор таассуротни ҳис қилган бўлса, ажаб эмас.
[gallery-26728]
Хоразм палов-ошининг катта қисми эса эҳсон сифатида вилоятдаги кам таъминланган, боқувчисини йўқотган ва эҳтиёжманд оилалар, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйларига тарқатилди.
Хуллас, халқаро фестиваль вилоятнинг туристик жозибасини янада ошириш ва халқимизнинг байрамолди кайфиятини яхшилашга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА