Давлат кадастрлари палатасида 9 декабрь – Коррупцияга қарши курашиш куни муносабати билан “Коррупцияга қаршимиз” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
Унда коррупцияга қарши курашишнинг қонуний жиҳатлари, ушбу иллатнинг жамият ва фуқаролар ҳаётидаги оқибатлари ҳақида фикр билдирилди. Шунингдек, ўтган давр мобайнида тизимда мазкур йўналишда қилинган ишлар сарҳисоб қилинди.
Қайд этилганидек, энди ҳар бир ҳудуднинг Комплаенс назорати хизмати томонидан олиб борилаётган иш рейтинг натижалари бўйича баҳолаб борилади. Жумладан, ишдаги натижалар рангларга ажратилади.
Хусусан, “қизил ҳудуд” – коррупцияга қарши курашишга жиддий қараладиган, “сариқ ҳудуд” – коррупцияга қарши курашиш ишлари яхши жараёнда бўлган ҳамда “яшил ҳудуд” – коррупциядан холи ҳудуд ҳисобланади.
– 2023 йилда бутун республикани “яшил ҳудуд” кўринишида бўлиши учун ҳаракат қилишимиз керак, – деди Давлат кадастрлари палатаси раиси М.Валиев. – Кадастр тизимида барча ҳудуд “яшил ҳудуд”ларга айланиши лозим. Хоразм вилоятида 2021 ва 2022 йиллар мобайнида кадастр ходимлари билан боғлиқ бирорта ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилмаган. Шу боис, “яшил ҳудуд”лар сафига кирганлардан биринчи бўлиб, Давлат кадастрлари палатаси Хоразм вилояти бошқармаси Комплаенс назорати хизмати бош мутахассиси Ҳабибулла Маткаримов пул мукофоти билан тақдирланадиган бўлди.
Гулноза Бобоева, ЎзА