Хоразм вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Хоразм вилоятида ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш ҳамда янги билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган “Жасорат мактаби” лойиҳасининг 3-мавсуми ўз ниҳоясига етди.
Мавсум давомида ёшлар турли йўналишларда ўз билим ва қобилиятларини намоён этиб, фаол иштирок этдилар ва лойиҳа якунида фаол иштирок этган ёшларга сертификатлар топширилди.
***
Янгибозор туманида лимончиликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва оилавий даромадларни оширишга қаратилган амалий семинар бўлиб ўтди.

Семинар давомида лимон етиштириш, иссиқхоналардан самарали фойдаланиш ҳамда лимончилик орқали барқарор даромад олиш имкониятлари бўйича амалий тавсиялар берилди.
***
Урганч туманида “Муҳаммад ал-Хоразмий ворислари” лойиҳаси доирасида математика ва аниқ фанларга қизиқиши юқори бўлган ўқувчилар иштирокида саралаш имтиҳонлари ўтказилди.

Синовларда ўқувчиларнинг билими, мантиқий фикрлаши, масалаларни мустақил ечиш кўникмалари ва интеллектуал салоҳияти баҳоланди.
Мазкур лойиҳа ёшларнинг илмий салоҳиятини юзага чиқариш, аниқ фанларга қизиқишини ошириш ва иқтидорли ўқувчиларни қўллаб-қувватлашга хизмат қилади.
***
Хива шаҳридаги Гулистон маҳалласидаги кўп қаватли уйларда истиқомат қилувчи фуқаролар мурожаатлари юзасидан шаҳар ҳокими Темур Давлетов аҳоли билан учрашди.

Мулоқот давомида фуқаролар томонидан билдирилган мурожаат, таклиф ва муаммолар тингланиб, уларнинг мазмуни жойида ўрганилди. Хусусан, кўп қаватли уйлар ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани яхшилаш ҳамда аҳолига қулай шароитлар яратиш билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Билдирилган ҳар бир мурожаат бўйича масъулларга тегишли вазифалар юклатилиб, муаммоларни манзилли ўрганиш ва амалий ечим чораларини кўриш бўйича топшириқлар берилди.
***

Ўзбек жанг санъати бўйича Ўзбекистон кубоги мусобақасида хонқалик спортчилар муваффақиятли қатнашишди.

Ўсмирлар ва катталар ўртасида ўтган беллашувларда Хонқа туман спорт мактаби жамоаси муносиб иштирок этиб, 2 та олтин, 4 та кумуш ҳамда 3 та бронза медални қўлга киритди.
А.Шокиров,
ЎзА