Хоразм вилояти ҳокими спортчи ёшлар билан учрашди
Пайшанба – ёшлар куни муносабати билан Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов Урганч Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида ёшлар билан учрашди.
Урганч Олимпия ва паралимпия спорт турларига тайёрлаш маркази спортнинг олимпия ва миллий турлари бўйича терма жамоаларни шакллантириш учун спорт захирасини тайёрловчи асосий база ҳисобланади.
Жорий ўқув йилида марказда 456 нафар ўқувчи спортнинг 26 та тури бўйича ўз маҳоратини ошириб келмоқда. Улар учун мукаммал таъмирланган спорт иншоотлари, ётоқхона, ошхона, спорт заллари ташкил қилинган.
Вилоят ҳокими Жўрабек Раҳимов даставвал мазкур шароитлар билан яқиндан танишди. Спортчи ёшлар билан самимий мулоқот ўтказиб, уларнинг ютуқлари, келгусидаги мақсадлари билан қизиқди.
Марказдаги мавжуд имкониятлардан унумли фойдаланиб, учраётган муаммоларни бартараф этишда ташкилот раҳбарлари билан биргаликда ечим изланди. Айниқса, ёшларнинг спорт соҳасидаги салоҳиятини рўёбга чиқариш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, халқаро майдонларда, жумладан, Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионатларида муносиб иштирокини таъминлаш масалаларига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Сўнгра бир стол атрофида раҳбар ва ёшлар жамланди. Суҳбатлар самимий, расмиятчиликдан ҳоли очиқ мулоқот тарзида кечди. Ёшлар ўзларини қийнаётган масалалар, таклиф ва ташаббусларни бемалол баён қилди.
Вилоятнинг биринчи раҳбари эса ҳар бир мурожаатни диққат билан тинглаб, ижобий ечим топиш масаласини жиддий топшириқлар асосида мутасаддиларга йўналтирди.
Мурожаатлар ишга жойлашиш, моддий кўмак, спорт инвентарлари билан таъминлаш, спорт заллари таъмири сингари масалаларда бўлди.
Гулруҳсор Хударганова дзюдо бўйича Осиё кубоги чемпиони. Машғулотлар учун моддий кўмак зарурати билан вилоят ҳокимига юзланди. Гулруҳсор сингари яна бир нечта спортчи ёшларнинг бу борадаги масалалари шу ернинг ўзида ижобий ҳал қилинди.
[gallery-29108]
– Спортчи учун энг катта куч эътибор ва ишончдир, – дейди Дзюдо бўйича Осиё кубоги чемпиони Гулруҳсор Ҳударганова. – Осиё кубогида ғолиб бўлганимдан сўнг олдимга янада катта мақсадларни қўйгандим, лекин машғулотлар ва халқаро мусобақаларга тайёргарлик кўришда моддий жиҳатдан бироз қийинчиликларга дуч келаётгандик. Бугун вилоят ҳокимимиз билан очиқ мулоқот қилдик, муаммони айтдик. Мурожаатимиз шу ернинг ўзида ҳал этилганидан хурсандман. Энди бор эътиборимни фақат машғулотларга ва Ўзбекистон байроғини баланд кўтаришга қаратаман.
Ёшлар билан ишлаш, уларнинг салоҳиятини юзага чиқариш ҳамда барча соҳада муносиб шароитларни яратиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан биридир. Бу учрашувлар нафақат ёшларнинг муаммо ва таклифларига ечим бўлади, балки уларнинг фаоллигини ошириш, давлатимизнинг ёшларга ғамхўрлигини дилдан англашларига кўмак беради.
Аҳмаджон Шокиров,
Беҳзод Саидов(сурат), ЎзА мухбирлари