Хоразм сайёҳларни чорламоқда
Ҳеч иккиланмасдан айтиш мумкинки, бугун Хоразм тарих ва замонавийлик уйғунлашган бетакрор қиёфаси билан сайёҳларни ўзига чорламоқда. Бу заминнинг ҳар бир гўшасида минг йиллик тарих, бой маданият ва халқимизнинг ўзига хос анъаналари мужассам.
Авваламбор, сайёҳларни чорлаётган омиллар очиқ осмон остидаги музейга қиёсланадиган Хива, қадимий қалъалар, меъморий обидалар ва тарихий масканлардир. Миллий ҳунармандчилик, анъанавий санъат, гастрономик туризм, фольклор ва фестиваллар ҳам Хоразмнинг сайёҳлик брендини бойитмоқда. Айниқса, воҳанинг ўзига хос миллий таомлари, қадимий урф-одатлари ва аҳолисининг меҳмондўстлиги хорижлик сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади.

Туризм Хоразм вилояти учун муҳим соҳалардан биридир. Жорий йил 1 сентябрига қадар вилоятга жами 10 миллион 767 минг сайёҳ ташриф буюрган бўлиб, уларнинг 2 миллион 175 минг нафарини хорижликлар, қолган 8 миллион 591 минг нафарини маҳаллий меҳмонлар ташкил этади. Бу кўрсаткичлар воҳанинг ички ва халқаро туризм бозоридаги мавқеи тобора мустаҳкамланиб бораётганлигини билдиради.
– Мен Хивани жуда севаман, – дейди россиялик сайёҳ Валера Лапидус. – Умуман олганда, Ўзбекистоннинг кўплаб шаҳарлари менга ёқиб қолди. Айниқса, “Ичан қалъа” кўчаларида саҳналаштирилган тарзда бўлса ҳам Хива хони ўз вазир ва навкарлари, мулозимлари билан юрганини учратиб қолсам, жуда ҳаяжонланаман. Худди эртакка тушиб қолгандек бўламан. Мен тарихга қизиқаман. Шу сабабдан тарихий манбалардан ўрганганларимни бу ерда жонлантираман. Йил давомида кўпгина тадбирлар бўлиб ўтади. Уларда қатнашишни истайман.

Ҳа, қадимий қалъалар, бой тарихи, маданияти ва санъати, бетакрор миллий ошхонаси ҳамда ўзига хос ажойиб табиати воҳага янада кўпроқ сайёҳларни жалб қилиш имконини беради. Аммо бугун Хоразмнинг туристик жозибаси фақат тарихий ёдгорликлар билан чекланиб қолмаяпти. Давлатимиз раҳбари томонидан вилоятда бу соҳа ривожи учун туртки берувчи инфратузилмани яратишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
“Урганч” халқаро аэропортининг имконияти тубдан ошиб, янги қиёфа касб этаётгани, худди шу ердан Хивагача тезюрар электропоездда бориш, “Урганч – Хива” пуллик йўли ишга тушгани, Тошкент ва Бухоро шаҳарларидан Хивага тез юрар поездларининг йўлга қўйилгани, янги сайёҳлик манзилларининг барпо этилаётгани... Бу каби реал мисолларни анча давом эттириш мумкин.

Урганч халқаро аэропортидан атиги 25 метр масофада барпо этилган янги ва замонавий “Аэровокзал” ва Хива темир йўл бекатини боғлайдиган янги темир йўл линиясида “Урганч – Хива” йўналишидаги электропоезд қатнови йўлга қўйилгани кунига 2000, йилига эса 800 минг нафаргача маҳаллий ва хорижий сайёҳларга сифатли ва хавфсиз хизмат кўрсатиш имконини яратди. Эндиликда Урганч аэропортидан Хивагача 80 дақиқада эмас, бор-йўғи 42 дақиқада юқори даражадаги қулайликда етиб бориш мумкин.
– Сайёҳлар ва йўловчиларнинг мароқли ҳордиқ чиқариши учун электропоездда барча шароит муҳайё қилинган, – дейди ҳиндистонлик сайёҳ Ражеш Мукер. – Аэропортдан чиқишимиз билан поездга ўтирдик. Салонда мукаммал иқлим назорати ўрнатилган бўлиб, совитиш ва иситиш тизимлари мунтазам ишлаб туради. Ҳар бир ўриндиқ атрофида мобил телефон, ноутбук ва гаджетлар учун USB-портлар мавжуд. Барча вагонлардаги бепул Wi-Fi тармоғи ҳар бир йўловчи учун рақамли хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратади. Бизга хизмат кўрсатаётган ходимлар ҳам жуда хушмуомала.

Жорий йил 5 май куни “Жалолиддин Мангуберди” номли юқори тезликда ҳаракатланувчи электропоезд Тошкент – Хива йўналишида илк қатновини амалга оширган бўлса, 9 сентябрдан бошлаб Хива ва Бухоро шаҳарлари ўртасида янги тезюрар электропоезд қатнови ҳам йўлга қўйилди.
Янги қатновларнинг йўлга қўйилиши мамлакатнинг тарихий ва сайёҳлик марказлари ўртасидаги транспорт алоқаларини янада яхшилаш, шунингдек, аҳоли ва сайёҳлар учун қулай ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилмоқда.
– Бухородан Хивага тезюрар электропоездда атиги 4 соатда етиб келдик, – дейди Недерландиялик сайёҳ Алберт Байстра. – Поезддаги шароитлар жуда яхши. Йўл бўйи интернетда кўрганимиздан-да чиройлироқ манзараларга дуч келдик. Мазкур поезд фақат транспорт воситаси эмас, балки мамлакатнинг муҳандислик салоҳияти ва туристик имкониятларини намоён этувчи муҳим инфратузилма экан. Темир йўл вокзалидан тўғри эски шаҳарга тушдик. Хиванинг манзараси мени ва шерикларимни жуда лол қолдирди.

Яқинда Урганч ва Хивани боғловчи янги пуллик автомобиль йўли фойдаланишга топширилди. Икки шаҳар ўртасидаги сафар вақтини 60 дақиқадан 17 дақиқагача қисқартирган, 35 километрлик йўлнинг ўтказувчанлиги суткасига 30 мингдан ортиқ автомобилни ташкил этади. Трасса замонавий муҳандислик талаблари асосида лойиҳалаштирилган. Йўл конструкцияси юқори транспорт юкламасига чидамлилик, узоқ хизмат муддати ва ҳаракат хавфсизлигини таъминлашга мўлжалланган. Ўзбекистонда илк бор қурилган пулли автомобиль йўли нафақат шаҳарлар ўртасидаги қатновни енгиллаштирди, балки ҳудуднинг логистика ва туризм салоҳиятларини ҳам оширди.

Хоразмда транспорт-логистика ва туризм инфратузилмаси изчил ривожланаётгани сайёҳлар оқимининг кўпайишига хизмат қилмоқда. Шу нуқтаи назардан, замонавий туристик мажмуаларни кўпайтириш, хизматлар турини кенгайтириш ва сайёҳларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш муҳим аҳамиятга эга.
– Сўнгги йилларда Хоразм вилоятида туризм инфратузилмасини ривожлантириш, сайёҳларга замонавий хизматлар кўрсатиш ва уларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда, – дейди Хоразм вилоят ҳокими ўринбосари Ботир Саидов. – Охирги тўққиз йилда вилоятимизда 280 та меҳмонхона ва меҳмон уйи қурилиб, меҳмонхона фонди 4 баробар ошди, 11 та янги туризм маскани ишга туширилди. Сўнгги беш йилда хорижий сайёҳлар сони 10 карра кўпайди. Яқинда шахсан Президентимизнинг ўзлари келиб танишган Хива шаҳрида янги барпо этилган Конгресс-холл, уч юлдузли меҳмонхона ҳамда “Хива Ичан қалъа” қабуллар уйи қадимий Хоразм заминида Янги Ўзбекистоннинг бунёдкорлик, тараққиёт ва янгиланиш руҳи тобора яққол намоён бўлаётганини англатади.

Яқин орада вилоятда “Саҳро Юлдузи” номли янги туристик шаҳарча барпо этилиши кўзда тутилган. Янги шаҳарча тарихий мерос ва замонавий шаҳарсозлик ечимларини уйғунлаштирган ҳолда бунёд этилади. Унинг меъморий концепциясини ишлаб чиқишда Хоразмнинг кўп асрлик шаҳарсозлик анъаналари, жумладан, 1511 йилда Хива хонлигининг илк пойтахти бўлган қадимий Вазир шаҳрининг тарихий тузилиши ва кўчалар тармоғи асос қилиб олинган. Умумий майдони 12,3 гектар бўлган мажмуада меҳмонхоналар, тарихий ва замонавий экспонатлар намойиш этиладиган музей, миллий ва халқаро таомлар ресторанлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари жойлашади. Ҳудуднинг салмоқли қисми яшил майдонлар ва сайр йўлакларига ажратилади. Шаршарали фавворалар ва ички ариқлар ташкил этилади.
Янги шаҳарча Ичанқалъага тушаётган туристик юкламани камайтириб, сайёҳлар учун янги йўналиш ва хизматларни таклиф этади.
Бу каби йирик ва замонавий лойиҳалар Хоразм воҳасининг сайёҳлик жозибадорлигини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири