Хоразм Маъмун академияси археологлари бронза даврига оид қабристонни аниқлашди
Хоразм Маъмун академияси археологик экспедицияси дала тадқиқотлари давомида Хоразм вилояти Тупроққалъа тумани ҳудудида муҳим кашфиётни амалга оширди.
Илгари номаълум бўлган ва дастлабки маълумотларга кўра, бронза даврига мансуб қабристон аниқланди.
Топилманинг энг қизиқ жиҳатларидан бири дафн иншоотларининг тузилиши билан боғлиқ. Ёдгорлик ҳудудида тошдан қурилган яшиксимон 19 та қабр қайд этилди. Қабрлардан ғужанак ҳолда дафн этилган жасадлар аниқланди.

Дафн этилганлар билан бирга турли хил дафн анжомлари ҳам топилди. Улар орасида бронза буюмлар ва мунчоқлар бор.
Аниқланган мажмуа Хоразмнинг қадимги тарихини ўрганишда муҳим аҳамиятга эга. Чунки дафн ёдгорликлари ўша даврдаги аҳолининг маданияти, дафн маросимлари ва ижтимоий қарашлари ҳақида қимматли маълумот беради. Шунингдек, турли ҳудудларда яшаган аҳоли ўртасидаги алоқаларни ўрганишга ҳам ёрдам беради.

Дафн маросими ва топилмаларнинг айрим турлари дастлабки таҳлил қилинди. Уларда Жанубий Қозоғистоннинг Сирдарё ҳавзаси ҳудудларида аниқланган дафн иншоотлари билан муайян ўхшашликлар борлиги кузатилди.
Бу ўхшашликлар олимларда алоҳида қизиқиш уйғотмоқда. Улар бронза даврида Марказий Осиёнинг турли ҳудудларида яшаган аҳоли ўртасида маданий алоқалар ва муштарак анъаналар бўлганидан далолат бериши мумкин.

Шу билан бирга, ёдгорликнинг аниқ санаси ва қайси археологик маданиятга мансублиги ҳақида якуний хулоса чиқаришга ҳали эрта. Бу масала археологик материалларни комплекс ўрганишдан сўнг аниқлаштирилади.
Айни пайтда Академия мутахассислари экспедиция давомида топилган материалларни дастлабки қайта ишлаш ва ҳужжатлаштириш ишларини олиб бормоқда.
Келгусида дафн иншоотлари, антропологик материаллар ва дафн анжомларини батафсил ўрганиш режалаштирилган. Шунингдек, зарур лаборатория тадқиқотлари ҳам амалга оширилади.
Тадқиқотлар натижасида ёдгорликнинг аниқ санасини белгилаш имкони пайдо бўлади. Шунингдек, унинг Хоразм ва унга туташ ҳудудлардаги бронза даври археологик маданиятлари тизимидаги ўрни аниқланади.
Нигора Раҳмонова,
ЎзА