Қарор ва ижро
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 мартдаги “Аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш ҳамда томорқа ва деҳқон хўжаликларида янги захираларни ишга солишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги 115-сонли қарори мамлакатимиздаги томорқа ер эгаларига катта имкониятлар яратилишига йўналтирилгани билан аҳамиятлидир.
Бугун Хоразм вилоятининг Хонқа туманидаги “Истиқлол” МФЙда Давлат раҳбарининг ушбу қароридан келиб чиқиб амалга ошириладиган вазифаларга бағишланган кўргазмали амалий семинар бўлиб ўтди. Ушбу семинарда аҳоли хонадонларида саноат усулида маҳсулот ишлаб чиқаришни жорий этишнинг иқтисодий самарадорлиги, етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг исроф бўлишининг олди олиниши, шу билан бир қаторда хонадонларга саноатнинг кириб бориши янги иш ўринлари яратилиши ҳамда ҳар бир хонадоннинг даромадлари ошишига хизмат қилиши тўғрисида тумандаги ҳоким ёрдамчиларига атрофлича тушунтирилди.
Семинар давомида ушбу қарор билан Хонқа тумани қулупнай ва малина етиштириш ҳамда маҳсулотлар экспорт қилишга ихтисослашгани тадбир иштирокчиларига етказилди.
Шунингдек, мазкур қарор билан томорқа ер эгалари ва деҳқон хўжаликларининг янги захираларини ишга солиш механизмлари туман ҳокими ўринбосари П.Матчонов, Хоразм вилоят кенгаши раиси Қ.Ражабов, бўлим бошлиғи О.Сафаровлар томонидан кўргазмали тарғибот воситалари орқали тушинтирилди.
ЎзА