Хомашёдан юқори қийматгача: Бухорода нефть-кимё саноатининг янги занжири яратилмоқда
Президент ташрифидан сўнг...
Президент Шавкат Мирзиёев 3 ноябрь куни Бухоро вилоятига ташрифи доирасида Бухоро туманида жойлашган “Tekhnochem” нефть-кимё кластерида бўлиб, мажмуани кенгайтириш истиқболларини кўздан кечирди. Бу ерда 2028 йил якунига қадар қиймати 292 миллион долларлик йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг эвазига корхонанинг йиллик қайта ишлаш қуввати яна 400 минг тоннага ошади ва 700 та янги иш ўрни яратилади.
Ушбу стратегик лойиҳа мамлакатимизда нефть ва газ хомашёсини чуқур қайта ишлаш, импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш ҳамда экспорт имкониятларини сезиларли даражада кенгайтиришга хизмат қилади.
Маълумот учун, ҳозирда 69 гектар майдонни эгаллаган ушбу кластерда 500 нафарга яқин маҳаллий аҳоли меҳнат қилмоқда. Корхона йилига 100 минг тонна пиролиз дистилляти, шунингдек, 160 минг тонна нафта ва газ конденсатини қайта ишлаш қувватига эга. Мажмуада нефть ва метанолни чуқур қайта ишлаш йўналишлари ҳам йўлга қўйилган.
Ушбу хомашёлардан нафақат анъанавий ёнилғи, балки кимё саноати учун зарур бўлган юқори қийматли маҳсулотлар ҳам олиш мумкин. Жумладан, мажмуада ишлаб чиқариладиган октанбустер бензиннинг сифати ва октан сонини оширишда қўлланса, тайёрланадиган эритгичлар бўёқ, лак, елим ҳамда маиший кимё маҳсулотлари корхоналари учун асосий хомашё ҳисобланади. Шу тариқа, маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш орқали унинг қийматини бир неча баробарга ошириш ва турдош саноат тармоқларини зарур маҳсулотлар билан таъминлаш имконияти яратилмоқда.
Кластер раҳбари Азимжон Хайруллаевнинг таъкидлашича, мазкур йирик лойиҳа давлатимиз раҳбарининг аввалги ташрифи чоғида белгилаб берилган вазифалар ижроси доирасида шаклланган. Ўшанда Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи атрофида янги турдаги корхоналар ташкил этиш ва тайёр хомашёдан юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ажратиб олиш вазифаси қўйилган эди.
– Биз Бухоро нефтни қайта ишлаш заводининг ишлаб чиқариш занжирига интеграциялашган ҳолда қандай хизмат кўрсата олишимиз ва унинг маҳсулотлари негизида қандай юқори қўшилган қийматли товарлар ишлаб чиқаришимиз мумкинлиги устида бош қотирдик, – дейди Азимжон Хайруллаев.
Шундан сўнг хорижий ҳамкорлар билан фаол музокаралар бошланиб, илғор технологиялар ўрганилди. Инфратузилмани ривожлантириш мақсадида қурилиш ишлари билан бир вақтда 25 минг киловатт қувватга эга подстанция барпо этилди, газ қувури тортилиб, барқарор сув таъминоти йўлга қўйилди. Натижада қисқа муддатда – бор-йўғи икки йил ичида мажмуанинг асосий қисми қуриб битказилди. Канадалик ҳамкорлар билан биргаликда нефть-кимё ва газ-кимё жараёнларида ҳосил бўладиган қўшимча маҳсулотлардан энг қимматли кимёвий моддаларни ажратиб олишга мўлжалланган замонавий технологиялар олиб келинди.
Бу жараёнга “Uz-Kor Gas Chemical” қўшма корхонасида ишлаб чиқариладиган пиролиз дистилляти мисол бўла олади. Ушбу маҳсулот таркибида бензол, толуол ва ксилол каби кимёвий моддалар мавжуд бўлиб, улар маҳаллий кимё саноатида кенг турдаги тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун энг муҳим хомашё ҳисобланади.
– Биз нефть-кимё ва газ-кимё жараёнларида йўлдош маҳсулот ҳисобланган хомашёдан қимматли моддаларни ажратиб олиш технологиясини жорий этдик, – дейди кластер раҳбари Азимжон Хайруллаев. – Ушбу моддалар кейинги босқичдаги ишлаб чиқариш тармоқлари учун зарур бўлган қимматли хомашё базасини шакллантиради.
Бундай технологик ёндашувнинг иқтисодий аҳамияти жуда юқори. Зеро, бир корхонада ҳосил бўлган қўшимча маҳсулот бошқа бир қувватда қайта ишланади ва ундан мутлақо янги, юқори қийматли маҳсулот олинади. Натижада хомашёдан комплекс фойдаланиш имконияти кенгайиб, тайёр маҳсулотлар импортига бўлган эҳтиёж сезиларли даражада қисқаради. Эътиборлиси, Бухоро вилоятида бу жараёнлар йирик саноат корхоналарини модернизация қилиш ва тармоқлараро кооперацияни кучайтириш билан ҳамоҳанг тарзда олиб борилмоқда.

Жумладан, Қоровулбозор туманида жойлашган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида қиймати 328 миллион долларлик алоҳида модернизация лойиҳаси режалаштирилган. Унинг доирасида корхонада янги гидротозалаш ва изомеризация қурилмалари ўрнатилиб, Евро-5 экологик стандартларига тўлиқ жавоб берадиган АИ-92 ва АИ-95 маркали бензинлар ишлаб чиқариш ҳажми кенгайтирилади. Натижада заводнинг йиллик хомашё қайта ишлаш қувватини 5 миллион тоннага етказиш кўзда тутилган.
Маълумот ўрнида айтиш жоизки, жорий йилнинг тўққиз ойи давомида заводда 12,1 триллион сўмлик 1,36 миллион тонна нефть маҳсулотлари ишлаб чиқарилди. Маҳсулот ва хизматлар экспорти эса 99,5 миллион долларни ташкил этди. Йил якунига қадар ушбу кўрсаткични 116 миллион долларга етказиш мақсад қилинган. Ҳозирда корхонада 3 минг 200 нафардан зиёд юқори малакали мутахассис меҳнат қилмоқда.
Ўз навбатида, “Tekhnochem” кластери ривожланишининг навбатдаги босқичи газ конденсати ва нафтани қайта ишлашни кенгайтириш, ароматик углеводород ҳамда янги турдаги эритгичлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйишга қаратилган. Қиймати 292 миллион доллар бўлган ушбу инвестиция лойиҳаси эвазига йиллик қайта ишлаш қуввати қўшимча 400 минг тоннага ошади. Янги қувватлар ишга тушиши билан 700 та янги иш ўрни яратилади.
Бу эса ҳудудда технолог, муҳандис, кимёгар ва лаборатория мутахассисларига бўлган талабни кескин оширади. Шу боис давлатимиз раҳбари ташриф давомида вилоятда касбий таълим ва ишлаб чиқариш тармоқлари ўртасидаги узвий ҳамкорликни мустаҳкамлаш зарурлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Кластернинг экспорт салоҳияти ҳам кенг кўламли бўлиб, корхона Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларига йилига 180 минг тоннага яқин нефть-кимё маҳсулотлари, автобензин ва дизель ёнилғиси етказиб беришни мақсад қилган. Шу билан бирга, кейинги босқич учун янги йўналишларни ўрганиш ишлари аллақачон бошлаб юборилган. Хусусан, 2028–2030 йилларда йилига 150 минг тонна суюлтирилган газни қайта ишлаш лойиҳасини ҳаётга татбиқ этиш бўйича хорижий ҳамкорлар билан фаол музокаралар олиб борилмоқда.
Азимжон Хайруллаевнинг таъкидлашича, Президентнинг бу галги ташрифи давомида ҳам истиқболли лойиҳалар юзасидан янги таклифлар илгари сурилган.
– Биз ҳозирда яна янги технологияларни жорий қилиш устида ишлаяпмиз, – дейди у. – Давлатимиз раҳбарига бир нечта янги таклифларимизни тақдим этдик. Улар маъқулланиб, тегишли қимматли маслаҳатларни олдик. Насиб қилса, яқин вақт ичида кейинги лойиҳаларимизни амалга оширишга киришамиз.
Мухтасар айтганда, кластернинг бугунги ишлаб чиқариш имкониятлари ва келгуси режалари Бухоро вилоятида нефть-кимё саноати ривожланишининг мутлақо янги босқичга чиққанидан далолат беради. Мавжуд хомашёни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар олиш ва ишлаб чиқариш занжирини узайтириш ушбу ислоҳотларнинг бош мезонидир. Эндиликда режалаштирилган қувватларни қисқа муддатларда ишга тушириш ва улардан самарали фойдаланиш бош вазифа ҳисобланади. Қўшимча 400 минг тонна қайта ишлаш қуввати, 700 та янги иш ўрни ҳамда йиллик 180 минг тоннага яқин экспорт кўрсаткичларининг таъминланиши кластернинг нафақат ишлаб чиқариш кўламини, балки ҳудуд иқтисодиётидаги стратегик ўрнини янада мустаҳкамлайди.
Дилшод ҲАКИМОВ,
ЎзА мухбири