Давлат хавфсизлик хизмати Самарқанд вилояти бошқармаси вилоят ИИБ ҳамда прокуратура ходимлари билан ҳамкорликда ўтказган тадбирда Пастдарғом туманида ҳокимлик захирасидаги 70 сотих ер майдонини ноқонуний сотиш ҳолатига чек қўйилди.
Ўтказилган тезкор тадбир давомида Пастдарғом туманида яшовчи, 1968 йилда туғилган М.Д. ноқонуний эгаллаб олган ҳокимлик захирасидаги 70 сотих ер майдонини жиноий шериги, шу туманда яшовчи, 1972 йилда туғилган Б.С. билан жиноий тил бириктириб маҳаллий фуқаронинг номига расмийлаштириб бериш эвазига ундан 65 минг АҚШ доллари сўраган. Улар ушбу маблағнинг 32 минг АҚШ долларини олган вақтида жиноят устида қўлга олинди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иш қўзғатилиши режалаштирилиб, суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ЎзА.