Ҳокимлар тегишли Халқ қабулхоналарига жамоатчилик асосида раҳбарлик қилади
Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли билан мулоқот тизимини самарали ташкил қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ:
а) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимлари тегишли Халқ қабулхонасига жамоатчилик асосида раҳбарлик қилади ҳамда мунтазам равишда Халқ қабулхонасида фуқароларни шахсан қабул қилади ва муаммоларини жойида ҳал қилиш чораларини кўради, мурожаатлар таҳлилини олиб боради;
б) вазирлик ва идоралар раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан фаолияти бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида қилинадиган тақдимотларда аҳоли мурожаатларидаги тизимли муаммолар ва уларнинг ечими юзасидан режалари ҳақида алоҳида ҳисобот берилади;
в) келиб тушаётган мурожаатларни ҳал қилиш, уларни таҳлил қилиш, аниқланган тизимли муаммолар ечими юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш учун давлат органлари ва ташкилотлари, жумладан, маҳаллий ҳокимликларда доимий фаолият олиб борадиган ишчи гуруҳлар ташкил этилади ҳамда уларга давлат органлари ва ташкилотларининг шахсан биринчи раҳбарлари бошчилик қилади, ишлаб чиқилган таклифларни ҳар уч ойда Вазирлар Маҳкамасига киритиб боради;
г) Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал ва Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатлар билан ишлаш ҳолати бўйича ҳар олти ойда Ўзбекистон Республикаси Президенти Виртуал қабулхонаси ахборот тизими орқали давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий ҳокимликларнинг рейтинги очиқ эълон қилиб борилади. Рейтингда мурожаатлар салмоғи, уларни ҳал этиш даражаси, муддатларга риоя этилганлиги, мурожаатларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тизимга киритилган материаллар қайта ижрога юборилиши, такрорийлиги каби мезонлар акс эттирилади;
д) давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ҳокимликлар томонидан ўтказиладиган шахсий ва сайёр қабуллар тизимини тўлиқ рақамлаштириш орқали қабуллар жараёни устидан назорат ўрнатилади;
ж) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри, туман (шаҳар) ҳокимлари томонидан ҳар чоракда камида бир марта оммавий ахборот воситалари ёки ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифалари орқали мурожаатлар билан ишлаш фаолияти, ҳудудда муаммоларни ҳал қилиш бўйича кўрилган чоралар, келгусида бажариладиган ишлар ва режалар ҳақида кенг жамоатчиликка батафсил ахборот берилади;
з) жамоавий тусдаги мурожаатлар аҳоли вакиллари ва "маҳалла еттилиги" иштирокида ўрганилиб, улар розилиги асосида назоратдан олинади;
и) давлат органлари ва ташкилотларининг мурожаатлар билан ишлаш бўлинмалари ходимлари, шунингдек, "маҳалла еттилиги" аъзоларининг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти тегишлича Халқ қабулхоналари томонидан мувофиқлаштирилади.
ЎзА