Маълумки белгиланган тартибга кўра, барча ходимларга, шу жумладан ўриндошлик асосида ишлаётган ходимларга, дам олиш ва иш қобилиятини тиклаш учун иш жойи (лавозими) ва ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда йиллик меҳнат таътиллари берилади. Ходимларга 15 иш кунидан кам бўлмаган 48 иш кунидан кўп бўлмаган муддат билан йиллик меҳнат таътили берилади. Йиллик меҳнат таътиллар асосий, узайтирилган ҳамда қўшимча таътиллардан иборат бўлиши мумкин. Йиллик асосий таътилларнинг энг кам муддати 15 кун ҳисобланади.
Шунингдек, ходимларнинг ёши ва соғлиғи ҳолатини ҳисобга олиб, йиллик узайтирилган асосий таътил 18 ёшга тўлмаган шахсларга 30 календарь кун, ишлаётган I ва II гуруҳ ногиронларига 30 календарь кунлик тартибда меҳнат таътили берилади.
Мамлакатимизда аҳолининг тадбиркорлик ташаббусларини амалга оширишга молиявий кўмаклашиш, уларнинг даромадли меҳнат билан бандлигини таъминлаш механизмларини янада такомиллаштириш, маҳаллабай ишлаш тизимини янги босқичга олиб чиқиш орқали камбағалликни қисқартириш, республика, вилоят, туман ва шаҳарларда кўрсатиладиган давлат хизматлари ва манзилли молиявий қўллаб-қувватлаш инструментларини бевосита маҳалла даражасига тушириш мақсадида ҳоким ёрдамчиси лавозими таъсис этилган эди.
2022 йил 1 январдан республика ҳудудларида 9 минг нафардан зиёд ҳоким ёрдамчилари ўз фаолиятларини бошлади.
Хўш, мазкур лавозим эгаларига меҳнат таътили қай тартибда берилади?
–Ҳозирги кунда мамлакатимизда истиқомат қилаётган уй хўжаликларининг 30 фоизи ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳисобланади, – дейди Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Мухтор Шоназаров. – Аҳолининг шароит ва муаммоларини аниқлашда, оилаларга индивидуал тарзда ёндашилиб, “Йўл харита”лари ишлаб чиқилишида ҳоким ёрдамчиларининг ҳиссаси катта.
Бугунга қадар, ҳоким ёрдамчилари иштирокида “маҳалабай” ўрганиш ишлари олиб борилди ҳамда ҳудудларда истиқомат қилаётган аҳоли тўлиқ хатловдан ўтказилди. Асосий эътибор эса аҳоли бандлигини таъминлашга қаратилди.
Тегишли тартибга асосан, ҳоким ёрдамчиларининг ойлик иш ҳақи миқдори улар бириктирилган маҳалладаги хонадонлар сонига мутаносиб равишда хонадонлар сони 500 тагача бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6 баравари миқдорида, хонадонлар сони 501 тадан 1 000 тагача бўлган маҳаллада меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 6,5 баравари миқдорида ҳамда хонадонлар сони 1 000 тадан ортиқ бўлган маҳаллада – меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 7 баравари миқдорида этиб белгиланган.
Қонунчилигимизда меҳнат муносабатлари тартибга солинган бўлиб, унга кўра, ҳар бир шахс меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Ходимларга йиллик асосий таътил биринчи иш йили учун 6 ойдан кейин берилади. Иш йили календарь йилидан фарқли равишда меҳнат шартномасига биноан иш бошланган кундан эътиборан ҳисобланади. Фақат, аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш таътили олдидан ёки ундан кейин, I ва II гуруҳ ногиронларига, 18 ёшга тўлмаган шахсларга, муддатли ҳарбий хизматдан резервга бўшатилган ва ишга жойлашган ҳарбий хизматчиларга ҳамда ўриндошлик асосида ишлаётганларга асосий иш жойидаги таътил билан бир вақтда 6 ой ўтмасдан йиллик таътил олиш имкони берилади.
Ходимнинг хоҳишига кўра унинг ёзма аризаси асосида таътил бир қисми 12 иш кунидан кам бўлмаган миқдорда қисмларга бўлиб берилиши мумкин. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ходимнинг таътил бериш тўғрисидаги сўрови ариза бериш орқали билдирилади.
ЎзА мухбири Муҳайё Тошқораева ёзиб олди.