Пахтачи туман ҳокими М.Ҳамдамов тумандаги 47 та умумий ўрта таълим мактаблари учун туман ҳокимлиги маҳаллий бюджетидан 75 миллион сўм маблағ ажратди.
- “Беш муҳим ташаббус” лойиҳаси ижросини таъминлаш мақсадида ёшлар маънавиятини юксаклаштириш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилаётган айни даврда мактабларда маданият ва спорт анжомларига тақчиллик бўлмаслиги керак,-дейди туман ҳокими.
Шу боис ажратилган маблағга туман ўрта таълим мактаблари учун чолғу асбоблари ҳамда спорт анжомлари харид қилинди.
Мусиқа йўналишидаги истеъдодли ёшлар учун рубоб, доира ва дутор чолғу асбоблари, спортга қизиқиши бор иқтидорли болалар учун эса волейбол, баскетбол, футбол тўплари, шунингдек, шахмат, шашкалар тақдим этилди.
Бундан ташқари барча таълим муассасаларининг кутубхоналарига ҳам жаҳон ва ўзбек адабиёти дурдоналари саналган бадиий китоблар жамланмалари топширилиб, ўқувчилар ўртасида китобхонликни янада ривожлантириш зарурлиги айтилди.
Совғаларни топшириш маросими ўқувчи ёшлар томонидан тайёрланган бадиий кеча билан чинакамига байрам тусини олди. Ватан, ёшлик ва баҳор мавзусидаги дилрабо куй ва қўшиқлар, нафис рақслар тадбир иштирокчиларига хуш кайфият бағишлади.