Ходимлар манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш учун қандай ҳуқуқий меъёрларни билиши зарур?
“Ўзатом” агентлигида ўтказилган махсус ўқув семинарда шу ҳақда сўз борди.
Тошкент давлат юридик университети вакиллари, “Ўзатом” агентлиги ва “АЭС қурилиши дирекцияси” ДК ходимлари иштирок этган мазкур тадбирда мавзу доирасида атрофлича билим ва тушунчалар берилди.
Хусусан, семинарда асосий эътибор Ўзбекистон Республикасининг “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонунига қаратилди. Унда белгиланган “манфаатлар тўқнашуви” тушунчаси, унинг турлари, давлат ташкилотлари ходимларининг ушбу ҳолатларнинг олдини олишдаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳамда қонун бузилиши ҳолатлари учун белгиланган жавобгарлик чоралари ҳақида сўз юритилди.

Тадбир давомида иштирокчиларга коррупцияга қарши курашишда фаолият юритувчи органлар ва уларнинг ваколатлари, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарлик чоралари ҳақида мисоллар ва аниқ фактлар тақдим қилинди.
Шунингдек, унда иштирокчилар манфаатлар тўқнашувининг келиб чиқиш сабаблари ва уларни бартараф этиш йўллари ҳақида ўз фикрларини билдирди.
–Ушбу тадбир коррупцияга қарши кураш борасида аҳамиятли қадам бўлиб, иштирокчиларнинг ҳуқуқий билим ва кўникмаларини оширишга қаратилди. Семинар давомида манфаатлар тўқнашувининг олдини олиш, қонунбузарликлар учун жавобгарлик чоралари ва ҳалолликни таъминлаш борасида амалий тавсиялар берилди. Ҳар бир қатнашчи ўзини қизиқтирган саволларга жавоб олиб, қонунчилик талабларини ҳаётий мисоллар асосида яхшироқ тушуниб олди. Тадбир коррупцияга қарши самарали фаолиятни қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамият касб этади, –деди “Ўзатом” агентлиги ахборот хизмати раҳбари Гулрухсор Равшанова.
Н. Зиёдуллаева, ЎзА