ХМТ вакили Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади
Женева шаҳрида бўлиб ўтаётган Халқаро меҳнат конференциясининг 114-сессияси доирасида Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Бош директори котибияти раҳбари Беате Андрес билан учрашди.
Учрашувда Ўзбекистонда меҳнат муносабатларини такомиллаштириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш тизимини мустаҳкамлаш ҳамда муносиб меҳнат тамойилларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларга эътибор қаратилди.

Беате Андрес мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларни юқори баҳолаб, ХМТ Ўзбекистон билан ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма дастур ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашга тайёр эканини таъкидлади.
Халқаро меҳнат стандартларини миллий қонунчиликка имплементация қилиш ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбат давомида жорий йилнинг 4 - 6 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган 12 - Глобал ёш парламент аъзолари конференциясига тайёргарлик масалалари ҳам кўриб чиқилди. МОТ мазкур нуфузли халқаро анжуманнинг ташкил этилишига кўмаклашиш ҳамда ташкилот вакилларининг унда қатнашишидан манфаатдор эканини билдирди.
Н.Абдураимова, ЎзА