Ўзбекистон Республикаси Президентининг қ а р о р и
Хизматлар соҳасининг мамлакатимиз иқтисодиётидаги улушини кўпайтириш, жойларда хизматлар соҳасидаги мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, хизматлар турларини кенгайтириш ва сифатини ошириш бўйича ўз ечимини кутаётган муаммоли масалаларни ҳал қилиш, мазкур йўналишда тадбиркорлик субъектларини янада қўллаб-қувватлаш, уларнинг ғоя ва ташаббусларини рағбатлантириш мақсадида:
1. 2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизматлар соҳасини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгилансин:
иқтисодий ўсишни таъминлашда хизматлар соҳасини муҳим драйверга айлантириш ва 2023 йилга қадар хизматлар ҳажмини икки бараварга ошириш;
аҳолига тайёр бизнес режалар ва лойиҳалар тақдим этиш, уларни касбга ўқитишдан тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишгача бўлган босқичларни қамраб олувчи “комплекс хизматлар” кўрсатишни ташкил этиш;
республикада хизматлар соҳасининг ривожланганлигини баҳолаш тизимини жорий этиш орқали давлат органлари ва ташкилотларининг бу борадаги фаолияти самарадорлигини ошириш ва мансабдор шахсларнинг масъулиятини кучайтириш;
хизматлар соҳасида ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб хизматлар турларини кенгайтириш, ҳудудларда, айниқса, қишлоқ жойларда транспорт, молиявий, шунингдек, банк, туризм ҳамда савдо хизматлари қамровини кенгайтириш;
республиканинг барча ҳудудларида мавжуд таълим ва соғлиқни сақлаш хизматлари салоҳиятини ошириш, уларнинг сифатини яхшилаш, бунда хусусий секторни жалб қилиш учун қулай иқтисодий ва инфратузилмавий шароитларни яратиш.
2. Қуйидагилар:
2021-2023 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизматлар соҳасини ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари 1.1-1.15-иловаларга мувофиқ;
Хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича 2021 йилга мўлжалланган “йўл харитаси” 2-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С.Холхўжаев) манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2022 ва 2023 йиллар учун хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича
“йўл хариталари”ни ҳар йили 1 декабрга қадар ишлаб чиқиб, тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритиб борсин.
3. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари бир ой муддатда 2021-2023 йилларда хизматлар соҳасини ривожлантириш ҳудудий дастурларини тасдиқласин.
Бунда, ҳудудий дастурларга ташаббускор тадбиркорларнинг ғоялари асосида аҳолининг эҳтиёжи мавжуд хизматларни йўлга қўйиш бўйича лойиҳаларни киритиш, шунингдек, жойларда мазкур хизматларни кўрсатувчи “хизмат кўрсатиш мажмуалари”ни ташкил этилиши назарда тутилсин.
4. 2021 йил 1 июлдан бошлаб республика ҳудудларида қуйидагиларни назарда тутувчи хизматлар соҳасининг ривожланганлиги рейтинги жорий этилсин:
хизмат кўрсатувчи, шу жумладан, янги ташкил этилган субъектлар сони, хизматлар ҳажми ва турлари, яратилган иш ўринлари, солиқ базаси ва бошқа муҳим кўрсаткичлар асосида тегишли соҳаларга масъул бўлган давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарлари ва бошқарув ходимлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар)лар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари фаолиятини баҳолаш;
хизматлар соҳасининг ривожланганлиги рейтингини “BUSINESS INDICATOR” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимида шакллантириш, юритиш ва эълон қилиш;
баҳолаш натижаларини ҳар ярим йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
баҳолаш натижалари бўйича тегишли ташкилотларнинг раҳбар ва бошқарув ходимлари, шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раисининг, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туман (шаҳар)лар ҳокимлари ва уларнинг ўринбосарлари ижобий кўрсаткичга эга бўлганда – уларни рағбатлантириш ҳамда қониқарсиз кўрсаткичга эга бўлганда – интизомий жавобгарликка тортиш.
5. Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан хизматлар соҳасини ривожлантириш учун тижорат банкларига 300 миллион АҚШ доллари эквивалентида кредит линияси очилсин.
Белгилансинки:
кредит линиясининг 150 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағлари (1-транш) 2021 йил 1 июлгача 3-иловага мувофиқ тақсимот бўйича ажратилади;
кредит линияси маблағлари тижорат банкларига 7 йил муддатга, шу жумладан, 3 йиллик имтиёзли давр билан фоиз ставкаси Марказий банкнинг асосий ставкасидан 4 фоиз бандга паст қилиб берилади;
кредит линиясининг 2-транши 1-траншнинг ишлатилиши самарадорлигини баҳолаш натижалари бўйича Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги таклифига асосан Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган тақсимот бўйича ажратилади;
тижорат банклари томонидан кредитлар 4-иловага мувофиқ хизматлар соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш (молия соҳасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар ва хизматлар соҳасида айланма маблағларни тўлдириш ҳоллари бундан мустасно) учун 5 йилгача муддатга Марказий банкнинг асосий ставкасида битта лойиҳа бўйича 2 миллиард сўмгача миқдорда ажратилади.
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари тижорат банклари кредитлари ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳаларга қўшимча равишда лойиҳа ташаббускорларининг камида юқорида кўрсатилган миқдорлардаги ўз маблағлари ҳисобидан қўшимча лойиҳалар ишга туширилишини таъминласин.
6. “Ўзмиллийбанк” АЖ тижорат банкларига қайта молиялаштириш мақсадида 2021 йил якунига қадар 28 та йирик ва ўрта шаҳарларда туризм, транспорт, тиббиёт, таълим объектлари ва йирик савдо комплексларини ташкил этиш лойиҳалари учун халқаро молия институтларининг 200 миллион АҚШ доллари миқдоридаги маблағларини жалб қилсин.
7. “Ўзмиллийбанк” АЖ ҳузурида Хизматларни ривожлантириш бўйича лойиҳа-таҳлилий марказ (кейинги ўринларда – Марказ) ташкил этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) Савдо-саноат палатаси (А.Икрамов) ва Марказ билан биргаликда хизматлар соҳасидаги лойиҳаларни амалга ошириш учун малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда аҳолини касбга ўқитиш бўйича ўқув курсларини ташкил қилсин.
8. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари:
2021-2023 йиллар давомида ташаббускор тадбиркорлик субъектлари томонидан 5-иловага мувофиқ туман (шаҳар)ларда деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари барпо этилишида кўмаклашсин;
Туризм ва спорт вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 сентябрга қадар йирик шаҳарларда, вилоят ва туман марказларида ташаббускор тадбиркорлик субъектлари билан ҳамкорликда савдо ва кўнгилочар кўчалар ташкил этилишини таъминласин.
9. Янги ташкил этиладиган деҳқон бозорлари ва савдо комплекслари устав капиталида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг мажбурий иштироки бекор қилинсин.
10. Савдо ва кўнгилочар кўчаларда:
кўчма савдо объектлари учун жойлар тадбиркорлик субъектларига электрон онлайн-аукцион асосида сотилсин;
барча тадбиркорлик субъектларига жамоат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритиш ҳуқуқи берилсин.
11. Ички ишлар вазирлиги Миллий гвардия билан биргаликда бир ой муддатда савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг 24 соат мобайнида туну кун фаолият юритишига доир жамоат хавфсизлиги бўйича соддалаштирилган талабларни ўрнатишни назарда тутувчи Ҳукумат қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин.
12. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Ички ишлар вазирлиги (П.Бобожонов) ҳамда Давлат божхона қўмитаси (М.Азимов) билан биргаликда божхона постлари ҳудудидаги бўш ер участкалари ҳамда 6-иловага мувофиқ йўл-патруль хизмати постлари ҳудудидаги ер участкалари тадбиркорлик субъектларига савдо ва хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун ажратилишини таъминласин.
Давлат божхона қўмитаси (М.Азимов) икки ҳафта муддатда тегишли идоралар билан биргаликда божхона постлари ҳудудидаги бўш ер участкаларининг тасдиқланган рўйхатини ўз расмий веб-сайтига жойлаштирсин ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликларига тақдим этсин.
Белгилансинки, ушбу бандда назарда тутилган ер участкалари тадбиркорлик субъектларига лойиҳа асосида савдо ва хизмат кўрсатиш мақсадларида енгил турдаги қурилмалар барпо этиш учун камида 3 йил муддатга ижарага берилади.
13. Давлат органлари ва ташкилотлари жойлашган ер майдонлари ва бино-иншоотлардан самарали фойдаланишни таъминлаш бўйича ишчи гуруҳи 7-иловага мувофиқ ташкил этилсин.
Ишчи гуруҳи (Ж.Қўчқоров) икки ой муддатда:
ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастурлари доирасида давлат органлари ва ташкилотлари учун бино ва иншоотлар қуришни мақбуллаштирган ҳолда уларни тадбиркорлик субъектларига тегишли биноларда ижара асосида жойлаштириш тизимини кенг жорий қилиш чораларини кўрсин;
дастлабки босқичда Тошкент шаҳрининг Олмазор, Миробод ва Яккасарой туманларида давлат органлари ва ташкилотлари жойлашган ер участкалари ва бино-иншоотларни хатловдан ўтказган ҳолда уларнинг майдонларини танқидий кўриб чиқсин ва тадбиркорлик субъектларига хизмат кўрсатиш объектларини барпо этиш учун ажратиш мақсадида мақбуллаштириш бўйича Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
Бунда, давлат органлари ва ташкилотларида бўш турган, шу жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 3 апрелдаги ПҚ–5053-сон қарорига мувофиқ штат бирликлари мақбуллаштирилиши натижасида бўшаган ер участкалари, бино-иншоотлар ва жойлар мавжудлиги инобатга олинсин.
14. 2021 йил 1 сентябрдан бошлаб масофавий (онлайн) таълимга асосланган нодавлат таълим хизматларини кўрсатиш учун мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқлар асосида биноларнинг мавжуд бўлиши ҳақида талаб бекор қилинсин.
15. Давлат статистика қўмитаси 2021 йил 1 октябрга қадар хорижий ва маҳаллий экспертларни жалб қилган ҳолда хизматлар статистикасини юритишни, жумладан, ахборот-коммуникация ва дастурлаш хизматларини ҳисобга олиш методологиясини халқаро стандартлар асосида такомиллаштирсин, республика ҳудудларида хизматлар соҳасининг ривожланиш ҳолатини ҳамда самарадорлигини таққослаш имконини берувчи ҳисобот шакллари ва методологияларни ишлаб чиқсин.
16. Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги (С.Холхўжаев) Давлат статистика қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Савдо-саноат палатаси, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда:
бир ой муддатда хизматлар соҳасининг ривожланганлигини баҳолаш тартиби ва методологиясини назарда тутувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритсин;
уч ой муддатда “BUSINESS INDICATOR” автоматлаштирилган онлайн ахборот тизимининг мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб такомиллаштирилишини таъминласин;
бир ой муддатда қонунчилик ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.
17. Мазкур қарор ижросини самарали ташкил этишга масъул ва шахсий жавобгар этиб Бош вазир ўринбосарлари Ж.А.Қўчқоров ва С.Ў.Умурзаков, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари белгилансин.
Қарор ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари З.Ш.Низомиддинов зиммасига юклансин.
Амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижадорлиги юзасидан 2021 йил 1 сентябрь ва 2022 йил 1 январгача Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот берилсин.
Ўзбекистон Республикаси
Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ
Тошкент шаҳри,
2021 йил 11 май