Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Хизматлар соҳаси — янги Ўзбекистон иқтисодиётининг “олтин драйвери”

Бугун Ўзбекистон иқтисодиёти янгиланиш ва юксалишнинг сифат жиҳатдан янги даврига қадам қўймоқда. Бу мураккаб ва масъулиятли жараёнда хизматлар соҳаси нафақат иқтисодий кўрсаткичларни оширувчи тармоқ, балки аҳоли фаровонлигини таъминловчи, энг кўп иш ўринлари яратувчи асосий “локомотив” га айланди. Давлатимиз раҳбари томонидан соҳани ривожлантиришга қаратилаётган алоҳида эътибор ва берилаётган имтиёзлар сервис индустриясининг геометрик прогрессия билан ўсишига хизмат қилмоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, 2017 йилда хизматлар ҳажми 15 миллиард долларни ташкил этган бўлса, 2025 йил якунига кўра бу кўрсаткич 82 миллиард долларга етди. Навбатдаги марра эса янада баланд — 2026 йилда 100 миллиард долларлик довондан ўтиш бош мақсад қилиб белгиланган. Бу ўзгаришлар аҳоли жон бошига кўрсатилаётган хизматлар ҳажмида ҳам акс этмоқда: 2020 йилдаги 6,4 миллион сўмлик кўрсаткич 2025 йилга келиб қарийб 4 баробарга ошди ва 25 миллион сўмни ташкил этди. 

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай шиддатли ўсиш замирида мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор ва тизимли ислоҳотлар ётибди. Иқтисодий таҳлилчиларнинг фикрича, хизматлар соҳасининг ЯИМдаги улуши ортиши мамлакат иқтисодиётининг барқарорлигини таъминлайди. Айниқса, 2025 йил 27 февралдаги Президент қарори соҳа тадбиркорлари учун мутлақо янги имкониятлар эшигини очди. Бугун сервис соҳаси 10 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаётгани билан ижтимоий жиҳатдан ҳам муҳим аҳамиятга эга. Эътиборли жиҳати, сервис соҳасининг жадал ривожи эндиликда фақат йирик шаҳарлар билан чекланиб қолмай, энг олис қишлоқ ва маҳаллаларгача кириб бормоқда. Олис ҳудудларда замонавий маиший хизмат кўрсатиш мажмуалари, тиббий пунктлар ва таълим марказларининг ташкил этилиши шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги турмуш тарзи тафовутини кескин камайтиришга хизмат қилаётир.

Лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлашда банк тизими, хусусан, “Ўзмиллийбанк” АЖ асосий бўғин бўлиб хизмат қилмоқда. Охирги беш йилда банклар томонидан соҳага ажратилган 256,5 триллион сўмлик кредит маблағларининг қарийб 50 триллион сўми айнан ушбу банк ҳиссасига тўғри келади. Тадбиркорлар учун яратилган молиявий имтиёзлар, хусусан, кредит ставкаларини оптималлаштириш, гаров таъминоти бўйича енгилликлар ва имтиёзли даврларнинг узайтирилиши минглаб янги лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш имконини берди. Маблағларнинг 42 фоизи янги объектларни барпо этишга йўналтирилгани натижасида илгари фақат хорижда кўрганимиз — “24/7” форматида ишлайдиган гавжум кўчалар бугун кундалик ҳаётимизга айланди. Биргина 2025 йилда Тошкент шаҳрида 26 та шундай кўчалар ташкил этилган бўлса, бу тажриба Андижондан тортиб Сурхондарёнинг энг чекка туманларигача кенг ёйилмоқда.

Тиббиёт соҳасида хизмат кўрсатиш салоҳияти ҳам йилдан-йилга юксалмоқда. Тадбиркор Ҳаким Файзиевнинг таъкидлашича, давлат томонидан яратилган шароитлар маҳаллий тиббиётни янги босқичга олиб чиқмоқда.

– Президентимизнинг алоҳида эътибори билан ер ва кредит ажратилишидаги тўсиқлар олиб ташлангани бизга катта ишонч берди, – деди тиббиёт соҳасида амалга оширилаётган лойиҳа раҳбари Ҳаким Файзиев. – “Ўзмиллийбанк” АЖ нинг имтиёзли кредитлари ҳисобига дунё стандартларига жавоб берадиган замонавий амалиёт хоналарини ташкил этдик. Натижада, 2025 йилнинг иккинчи ярмида 20 миллиард сўмдан ортиқ хизмат кўрсатдик, 2026 йилда бу кўрсаткични 50 миллиардга етказмоқчимиз. Энг катта мақсадимиз — халқимиз даволаниш учун хорижга бормаслигига эришиш ва қишлоқ жойларида ҳам юқори технологик сервис сифатини таъминлашдир.

Хулоса қилиб айтганда, хизматлар соҳаси учун белгиланган 100 миллиард долларлик марра — бу халқимиз учун сифатли сервис, тадбиркорлар учун кенг истиқбол ва мамлакат учун барқарор иқтисодий юксалиш демакдир. Хизматлар соҳаси Ўзбекистоннинг янги иқтисодий қиёфасини белгилаб беришда ва чекка ҳудудларда яшаётган аҳолининг ҳаёт сифатини оширишда асосий драйвер бўлиб қолади.

Камола Юсупова, 

ЎзА