
Фанлар академияси матбуот хизмати хабарига кўра, Хоразм Маъмун академияси катта илмий ходими, тарих фанлари бўйича фалсафа доктори Умид Бекмуҳаммад ва тарих фанлари доктори, доцент Садоқат Маткаримова ҳаммуаллифлигидаги янги китоб чоп қилинди.
“Хива хонлиги Россия мустамлакачилиги даврида. 1873-1917-йиллар” номли монографияда Хива хонлигининг Россия империяси томонидан босиб олиниши ва мустамлака даврида хонлик давридаги ижтимоий-маърифий, иқтисодий жараёнлар тадқиқ этилади.
Унда 1873 йилдаги истилодан то 1917 йилда кечган воқеликлар, мустамлака ҳолатда ҳам жамиятда ислоҳотлар олиб борган тараққийпарварларнинг саъй-ҳаракати акс этган. Бу даврдаги аграр соҳа, саноат, савдо, жадидчилик ҳаракати, шунингдек мустамлакачиликка қарши халқ қўзғолони, 1917 йилдаги “Ёш хиваликлар”нинг истиқлол сари интилишлари ўша даврга оид архив ҳужжатлари, вақтли матбуот нашрларидаги маълумотлар, мемуарлар, илмий адабиётлар орқали тадқиқ қилинади.
Н.Раҳмонова, ЎзА