Нашрда асосий эътибор Ўзбекистоннинг тарихий, маданий ва иқтисодий имкониятлари уйғунлиги, замонавий ривожланиш йўли, Хитой билан савдо-иқтисодий алоқаларга қаратилган.
Шунингдек, унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли қурилиши лойиҳаси ишга туширилишига бағишланган тантанали маросим иштирокчиларига йўллаган мурожаатининг матни эълон қилинган.
Журнал саҳифаларида Ўзбекистон томонидан илгари сурилаётган экологик ташаббуслар, иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари, айниқса, глобал иссиқлик, табиий офатлар ва экологик муаммоларга қарши курашиш каби масалалар кенг ёритилган. Бунда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси, Орол денгизи фалокатининг оқибатларини юмшатиш, сувни тежаш технологияларини жорий этиш ва “яшил” энергияни ривожлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатлар алоҳида эътироф этилган.

Мазкур сонда “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Элдор Туляковнинг “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга ошириш доирасида 2025 йил учун мўлжалланган Давлат дастурининг аҳамиятига бағишланган мақоласи ҳам чоп этилди.
Мақолада Давлат дастурини ишлаб чиқишдаги очиқлик ва жамоатчилик муҳокамалари, шунингдек, аҳоли турмуш даражасини ошириш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларидаги ислоҳотлар ҳамда камбағалликни қисқартиришга қаратилган амалий чора-тадбирлар атрофлича ёритиб берилган, дейилади “Тараққиёт стратегияси” маркази маълумотида.
Шунингдек, журналда ёшлар сиёсати ва таълим ислоҳотлари, ёш авлодга сармоя киритиш ва глобал таълим стандартларига эришиш борасида Ўзбекистоннинг қатъиятли қадамлари акс эттирилган.
Умуман олганда, “Lookwe” журналининг Ўзбекистонга бағишланган махсус сони – мамлакатимизнинг халқаро майдондаги ўрнини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий, ижтимоий ва экологик лойиҳаларини хорижий ҳамкорларга етказишда муҳим роль ўйнайди.
А. РУСТАМОВ,
ЎзА