Ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳрига Хитойдан импорт қилинган гуручлар сунъий эканлиги ва целлофандан тайёрлангани айтилган видео хабарлар тарқалган эди.
Божхона қўмитаси матбуот хизмати раҳбари Нурбек Саломовнинг сўзларига кўра, ижтимоий тармоқларда тарқалган бу каби хабарлар ҳақиқатга тўғри келмайди. Боиси, мамлакатимизга импорт қилинадиган гурунчлар ичида турли хил зараркунанда ва ҳашаротлар йўқлиги бўйича ҳамда ўта хавфли ва бошқа инфекциялар олиб кирилмаслиги бўйича текширувдан ўтказилади. Маҳсулот тегишли ташкилотлар хулосасига кўра истеъмолга ёки экишга яроқли деб топилсагина Ўзбекистонга олиб киришга рухсат берилади.
Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги матбуот хизмати ҳам бундай гуруч мамлакатимизга импорт қилинмаганини маълум қилди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлигидан олинган маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ҳар йили 100 минг гектардан ортиқ майдонда шоли етиштиради. Республика шароитида аҳоли жон бошига ўртача йилга 9,8 килограммдан гуруч истеъмоли талаб этилади. Яъни республика аҳолисини тўлиқ гуруч маҳсулотлари билан таъминлаш учун 353 минг тонна гуруч захираси талаб этилади.
Республика ҳудудларида 2022 йилда 105,8 минг гектар майдонларда шоли экилиб, 516,9 минг тонна шоли етиштирилган. Гуруч ҳисобида 310 минг тоннани ташкил этади. Яъни аҳоли талабига нисбатан 43 минг тонна кам гуруч ишлаб чиқарилади (2021 йилга нисбатан 48 минг тонна кўп шоли етиштирилган).
Таҳлилларга кўра, 2022 йилда республика бўйича 8 минг тонна гуруч импорт қилинган бўлса, 2023 йилда 53,5 минг тонна гуруч импорти амалга оширилган. Яъни истеъмолга нисбатан 10 минг тонна ортиқча гуруч импорт қилинган.
Гуруч импорти Қозоғистондан 29,3 минг тонна (54,7%), Покистондан 23,2 минг тонна (43,3%), Таиланддан 599 тонна (1,1%), Туркиядан 265 тонна (0,5%) ва Ҳиндистондан 126 тонна (0,2%) ва бошқа мамлакатлардан 21,1 тонна (0,02%) гуруч импорти амалга оширилган.
Ш. Маматуропова, ЎзА