🏆JCH-2026⚽
Ўзбек
Özbek
Русский
English
French
German
Arabic
Қазақ
Spanish
Chinese
Сўнгги янгиликлар

Хитой тажрибаси моҳияти нимада?

Хитой тажрибаси моҳияти нимада?
Жамият
Танлаш
19:53 / 27.10.2023

Кейинги пайтда юртимиз тадбиркорлари, маҳаллий ҳокимликларнинг Хитой ишбилармонлари ва минтақалари билан ҳамкорлиги анча жонланди. Икки давлат раҳбарларининг учрашув ва мулоқотлари мунтазамлик касб этгани каби, нуфузли делегациялар ташрифлари ҳам доимий тусга кирди. Давлатлар ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми йил сайин ошиб бормоқда. Хитой компаниялари ва инвесторлари билан ҳамкорликда ташкил этилаётган корхоналар ҳам кўпайиб қолди.

Самарқанд вилояти мисолида оладиган бўлсак, сентябрь ойининг ўзида Хитойнинг учта провинцияси раҳбарлари бошчилигидаги делегациялар вилоятга ташриф буюрди. Бизнес форум ва тақдимотлар ўтказилди, саноат, қишлоқ хўжалиги, туризм ва маданий соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, Шэньси провинцияси раҳбарияти билан учрашув чоғида Самарқанд вилояти ҳокими Қўшработ ва Пайариқ туманларида ушбу провинциянинг камбағалликни қисқартириш ҳамда саноатни ривожлантириш борасидаги бой тажрибасини жорий этишни таклиф қилган эди. Худди шундай амалиёт Шандун провинцияси тажрибаси асосида Пахтачи ва Нарпай туманларида йўлга қўйилиши белгиланганди.

Мулоқотларда мазкур туманлар раҳбарлари, провинциялар масъуллари ва тадбиркорлари билан танишиб, ўзаро фикр алмашганди. Кўп ўтмай Самарқанд вилояти делегацияси Хитойга бориб, ҳамкорликда амалга ошириладиган лойиҳаларни келишиб келди.

– Шэньси провинциясининг камбағалликни қисқартириш, саноатни ривожлантириш борасидаги тажрибасини ўрганиш мақсадида бир гуруҳ тадбиркорларимиз билан бирга 19-23 сентябрь кунлари вилоят ҳокимлиги масъуллари бошчилигида Хитойда бўлдик, – дейди Пайариқ тумани ҳокими Исроил Жабборов. – Келгусида ҳамкорликни йўлга қўйиш мумкин бўлган йўналишлар бўйича объектларни танлаб, улар фаолияти билан танишдик. Жумладан, бизда иссиқхона хўжаликлари, боғлар ташкил этиш, мева-сабзавот, қуруқ мева етиштириш имкониятларимиз кенглиги боис мазкур йўналишда хитойликлар тажрибасини ўргандик. “Ақлли” иссиқхоналар, узумзорлар, анжирзорларни кўздан кечирдик. Бу иссиқхона ва боғларда ҳар қандай об-ҳаво шароитида, йилнинг барча фаслида кафолатланган ҳосилни етиштириш мумкин экан. Биз бу тажрибани туманимиздаги Чоштепа ва Хўжа Исмоил маҳалларида йўлга қўйишни режалаштирдик. Мутахассисларни таклиф этганмиз, улар тез орада келиб, амалий ишларни бошлашади. Туманимизда балиқчиликни ривожлантириш, майиз, мош, ловия етиштиришда жуда катта имконият бор. Лекин биз бундан самарали фойдалана олмаяпмиз. Хитойлик ҳамкорларимиз майиз ва дуккакли маҳсулотларни қанча бўлса ҳаммасини харид қилишга тайёрликларини билдиришди. Агар биз дашт ва лалми ерлардан самарали фойдаланиб, аҳолини ушбу фаолият билан фаол шуғулланишга жалб этсак, яъни ерларни уларга ижарага бериб, маҳсулот етиштиришни кўпайтирсак, биринчидан, аҳоли бандлигини таъминлаб, камбағалликдан чиқаришга эришамиз. 

Иккинчидан, туманимизнинг экспорт салоҳияти ошади. Бу борада лойиҳалар ишлаб чиқяпмиз. Туманимиз қишлоқ хўжалигида пахтачилик етакчи тармоқ ҳисобланади. Йилига 35 минг тоннадан ортиқ хом ашё етиштирамиз. Лекин пахтани қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот сифатида сотиш борасида етарли тажрибага эга эмасмиз. Шунинг учун туманимиздаги кластер корхонаси хитойлик тадбиркор билан ҳамкорликда пахтани қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳани амалга ошириш бўйича келишувга эришди. Бугун муқобил энергия манбаларидан кенг фойдаланиш орқали электр энергияси таъминотини яхшилаш долзарб масала бўлиб турибди. Шундан келиб чиқиб, Пайариқ масъуллари шэньсилик ҳамкасблари ва тадбиркорларга туманда шамол электр станцияси қуриш, қуёш панеллари ўрнатиш таклифларини билдирди.

– Дўстлик маҳалласи ҳудудида шамол электр станцияси қуришни режалаштиргандик – дея сўзида давом этади И.Жабборов. – Яқинда хитойлик тадбиркорлар келиб, ҳудуд имкониятларини ўрганди ва лойиҳани тегишли идораларга тақдим этдик. Тасдиқланиши билан иш бошланади. Бундан ташқари, туманимиздаги аксарият фермерларимиз маънан эскирган, бир неча йиллик сув насосларидан фойдаланиб келади. Бунинг натижасида электр энергиясига ҳам жуда катта миқдорда тўлов қилинади. Қолаверса, эски ускуналар тез-тез бузилиб, зарур вақтда экинлар суғорилмайди. Табиийки бу фермерларнинг иқтисодий манфаатдорлигига салбий таъсир кўрсатади. Бу масалада ҳам хитойлик ҳамкорларимиз билан келишувга эришдик ва эски насослар ўрнида энерготежамкор замонавий сув насослари ўрнатилади. Энг муҳими, бу ускуналар қуёш панеллари ёрдамида электр энергияси билан таъминланади. Ҳозирда бу борада ишлар бошланди. 

“Ургут” эркин иқтисодий зонасининг туманимиздаги филиали учун 60 гектарлик ер майдони ажратилган. Бу ерда ишлаб чиқариш корхоналари ташкил этиш учун инфратузилма яратиб бериш бизнинг зиммамизда. Тадбиркорлардан талаб этиладигани инвестиция киритиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва янги иш ўринлари яратиш. Ушбу ҳудудда ҳам хитойлик ишбилармонларнинг фаолият кўрсатишлари учун имконият қилиб берамиз. Умуман, Шэньси провинцияси тажрибасининг моҳияти давр талабига мос тадбиркорлик ва мақсадли меҳнатда экан. Буни тадбиркорларимиз кўриб келди. Энди халқимизга тушунтиряпмиз. Агар биз ҳам хитойликлар каби энг кичик имкониятдан ҳам максимал даража фойдалансак, меҳнатдан қочмасак, албатта, улар каби натижаларга эриша оламиз.

Ғолиб Ҳасанов, ЎзА мухбири

Муаллиф: golibhasanov