Хитой тажрибаси асосида камбағаллик қисқартирилади
Жиззах вилоятида Хитой тажрибаси асосида камбағалликни қисқартириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини экспорт қилиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган янги ҳамкорлик ташаббуслари муҳокама қилинди. Томонлар агросаноат лойиҳасини амалга ошириш бўйича меморандум имзолашга келишди.
Бугун ҳудудлар иқтисодий салоҳиятини оширишда хорижий инвестициялар ва илғор тажрибани жалб этиш муҳим аҳамият касб этмоқда. Айниқса, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштиришдан тортиб, тайёр маҳсулот сифатида ташқи бозорга чиқаришгача бўлган жараёнларни бирлаштириш долзарбдир.

Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев вилоят ҳокимлигида Хитой делегацияси вакиллари билан учрашди. Мулоқотда “Жанубий ҳамкорлик молия маркази” бош котиби, “Гонконг Дунин молия гуруҳи” раиси Ву Чжун иштирок этди.
Суҳбатда Хитой тажрибасидан фойдаланиб, камбағалликни қисқартириш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари кўриб чиқилди. Ву Чжун ҳамкорлик истиқболларини юқори баҳолаб, «Биз Жиззах вилоятининг салоҳиятига ишонамиз ва камбағалликни қисқартириш бўйича тажрибамиз билан ўртоқлашиш учун яқин кунларда ўз вакилимизни маслаҳатчи сифатида юборамиз» деди.

Шунингдек, “Şanghai Yutian” компанияси вакиллари билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва экспорт қилиш истиқболлари муҳокама этилди. Музокараларда етиштириш, қуритиш ва қадоқлаш жараёнларини қамраб олувчи агросаноат лойиҳасини ташкил этиш таклифи илгари сурилди.
Ташаббус доирасида ягона ишлаб чиқариш занжирини шакллантириш, янги иш ўринлари очиш ва аҳоли даромадларини ошириш кўзда тутилмоқда. Шу орқали Жиззах маҳсулотларини Америка, Европа ва Хитой бозорларига экспорт қилиш имкониятлари ҳам кенгаяди.

Учрашувда томонлар илғор технологияларни жорий этиш, инвестицияларни жалб қилиш ва ўзаро манфаатли алоқаларни ривожлантиришга тайёрлигини билдирди. Мулоқот якунида агросаноат соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш бўйича меморандум имзолашга келишиб олинди.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири