Халқаро ҳамкорлик ҳар бир олий таълимнинг мақсади ва бу орқали улар ўзаро тажриба алмашиш билан бирга бир-бирларидан жуда кўп нарсаларни ўрганиш имконига эга бўлади.
Айни шу мақсадда жорий йилнинг 22 октябрь – 1 ноябрь кунлари Хитой Халқ Республикасининг “Beijing International Chinese College” томонидан олий таълим йўналишларида фаолият юритувчи раҳбар-кадрлар учун хитой таълим тизимини ўрганиш ва тажриба алмашиш бўйича семинар-тренингда иштирок этиш мақсадида Пекин шаҳрида хизмат сафарида бўлдим.
Хизмат сафари даврида Пекин технология университетининг Генгдан институти фаолияти билан танишдик. Генгдан институти Хитойда хусусий олий таълимнинг янги таълим механизми ва шаклига мувофиқ фаолият юритувчи мустақил олий таълим муассасасидир.
Шунингдек, 80-сонли мактабда бўлдим. У ерда 3000 дан ортиқ ўқувчи, жумладан, 300 нафар чет эллик ўқувчи таҳсил олади. Ҳар йили кўплаб таниқли ўқитувчилар чет элга ташриф буюриш ва ўқиш, таълим масалаларини муҳокама қилиш, ўқитиш тажрибасини алмашиш, илғор мамлакатлар мактаблари билан илмий тадқиқотлар олиб бориш, халқаро конференцияларда иштирок этиш ва ҳоказолар учун борадилар. Мактаб АҚШ, Австралия, Германия, Жанубий Корея, Япония, Канада ва бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилади. Шунингдек, у хитойлик талабаларга чет элда ўқиш, чет элдаги дўстлик мактабларида қатнашиш ва хориждаги қишки ва ёзги лагерларда қатнашиш имкониятини беради. Халқаро талабаларга ҳам мактабга киришга рухсат берилади.
Пекин шаҳридаги ўрганишларда энг эътиборимни тортган нарса мактаб таълими бўлди. Биргина мактаб кутубхонасида 36 минг хил китоб, мутолаа учун 20 та алоҳида хона, маданий хордиқ учун ҳам жойлари мавжуд.
Мактаб тизимида эркинлик бор. Бир синфда 18-20 нафар бола, айрим хоналарда умуман парта-стул йўқ, гилам тўшаб қўйилган. Айримларида иккалови ҳам бор. Ўқувчи истаса ерда, истаса стулда ўтириб дарсни тинглаши мумкин. Ҳар бир синф хонасида ойнали иккита эшик. Бу ичкаридаги дарс жараёнини кузатиш имконини беради.
Мактабда умуман техник ходимлар йўқ. Ўқувчилар ўзлари ҳамма жойни навбатчилик асосида тозалашади. Дарс вақтида йўқлама қилинмайди, сабаби бутун масканда камера, монитор орқали йўқлама қилиш имкони мавжуд. Мактаб таълими 3 босқичга бўлинади. Биринчиси, 1-6 синфда бошланғич, бу вақтда бола баҳоланмайди. 6-синф якунида имтиҳон топширилиб, кейинги босқичга ўтилади. 7-синфдан 9-синфгача 2-босқич бўлиб, 3 йил ўқигач, охирги босқич, 10-,11-,12-синфлардаги таълимни олишади. Ўқувчи йилига икки марта имтиҳон топшириб, билимлари баҳоланади. 12-синф якунида ягона имтиҳон маркази орқали имтиҳон топшириб, университетларга киришлари мумкин.
Шунингдек, сафар давомида жуда кўплаб масканларда, жумладан, таълим нашриёт уйига ташриф буюриб, Хитойда хаттотлик санъатининг ривожланиши, хитой олий таълим муассасалари учун нашр этилаётган дарслик ва ўқув қўлланмалар билан танишишга муяссар бўлдим.
Тошкент давлат техника университети Олмалиқ филиали ҳамда Хитойнинг Гендан институти билан келгусида тегишли соҳалар кесимида ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзоланди. Пекин халқаро хитой коллежи билан келгусида хитой тилини ўқитиш, таълим соҳасида хамкорлик қилишга келишиб олинди.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, юқорида келтирилган таассуротларнинг ўзиданоқ Хитой таълимидан ўрганса бўладиган жиҳатлар кўплигини англаш мумкин.
Д.Холиқулов,
ТДТУ Олмалиқ филиали
директор ўринбосари