Хитой сармояси иштирокидаги янги лойиҳалар
Жиззах вилояти Хитойнинг йирик компаниялари билан ҳамкорликни кенгайтирмоқда. Агросаноат, шаҳарсозлик ва тиббиёт соҳаларига йўналтириладиган инвестициялар ҳудуд ривожига янги суръат бағишлайди.
Хорижий сармояни ҳудуд иқтисодиётининг муҳим тармоқларига йўналтириш янги ишлаб чиқариш қувватлари ва хизматлар бозорини ривожлантириш имконини беради. Бу жараёнда инвестиция билан бирга замонавий технологиялар ва илғор бошқарув тажрибасини жалб қилиш ҳам муҳимдир.

Жиззах вилояти ҳокими Улуғбек Мустафоев вилоят ҳокимлигида Хитойнинг йирик компаниялари вакилларидан иборат делегациялар билан учрашувлар ўтказди. Томонлар музокаралар давомида агросаноат, қайта ишлаш, экспорт, шаҳарсозлик ва тиббиёт йўналишларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар.
“Qingdao Wanlin Group” компанияси бошқарув раиси Ли Янтао ўзаро ҳамкорликнинг аҳамиятини таъкидлади.
–Биз Жиззахда маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни экспорт қилишгача бўлган тўлиқ занжирни яратишни мақсад қилганмиз,– деди у.
Ташаббус сабзавот етиштириш, маҳсулотларни қайта ишлаш, қуритиш ва қадоқлашга ихтисослашган замонавий мажмуа барпо этишни назарда тутади.

Лойиҳанинг муҳим жиҳати маҳсулот етиштиришдан тортиб, уни тайёр ҳолда ташқи бозорга етказишгача бўлган жараёнларни бир тизимга бирлаштиришдир. Бундай ёндашув қўшимча қиймат яратиш, янги иш ўринларини очиш ва ҳудуднинг экспорт имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Мулоқотда тиббиёт соҳасидаги ташаббус ҳам эътибордан четда қолмади. Жиззахда халқаро стандартларга мос замонавий кўп тармоқли шифохона ташкил этиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди.

Мазкур лойиҳа амалга оширилса, аҳоли учун замонавий диагностика ва даволаш хизматларидан фойдаланиш имкониятлари кенгаяди. Учрашув якунида томонлар инвестициявий алоқаларни мустаҳкамлаш ва истиқболли ташаббусларни рўёбга чиқариш бўйича меморандум имзолашга келишиб олдилар.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири