Хитой раҳбарининг Вашингтонга ташрифи жадвали эълон қилинди
АҚШ Президенти Дональд Трамп ва биринчи хоним Мелания 24-25 сентябрь кунлари Вашингтонда Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин ва унинг рафиқаси Пэн Лиюанни кутиб олади. Ташриф 23 сентябрь куни Чин етакчисининг Эндрю авиация қўналғасига келиши билан бошланади. Бу ерда уни Трампнинг ўзи кутиб олади.
Дастурга Оқ уйда расмий маросим, раҳбарлар ўртасидаги музокара, икки етакчининг нутқи билан давлат кечки зиёфати, шахсий чой ичиш маросими ва АҚШ Миллий архивига бориш киритилган.
Америка расмийлари мазкур ташрифни “қийин музокара ниқоби остидаги дипломатик қўш учрашув” дея таърифлаган.
Давлат номидан бериладиган кечки зиёфатга энг йирик технология ва молиявий компаниялар раҳбарлари таклиф этилган. Улар орасида “Amazon” асосчиси Жефф Безос, “Tesla” ва “SpaceX” эгаси Илон Маск, “Alphabet» бош директори Сундар Пичай, “Dell Technologies” раҳбари Майкл Делл, “Nvidia” бошқарувчиси Женсен Хуанг, “OpenAI” соҳиби Сэм Альтман, “Citigroup” етакчиси Жейн Фрейзер ва “Apple” раиси Тим Кук бор.
Хитой раҳбари Вашингтонга келиши ўзаро муносабат доирасидан ташқарига ҳам таъсир қилади, албатта. Масалан, “The National Interest” нашри ёзишича, саммитнинг асосий кузатувчилари АҚШ иттифоқчилари – Япония, Филиппин, Австралия, Жанубий Корея ва айниқса НАТО мамлакатларидир.
– Учрашувнинг стратегик аҳамияти икки томонлама муносабат учун нимани англатиши эмас, балки Америка иттифоқчиларига юбориладиган сигнал билан белгиланади, – дея таъкидлайди нашр. – АҚШ ва Ҳинд-Тинч океани минтақасидаги шериклар тобора кўпроқ ҳарбий режалаштириш, разведка, логистика ва мудофаа ишлаб чиқариш тизимини бирлаштирмоқда. Демак, Вашингтон – Пекин келишуви умумий манфаатга зид келмаслиги лозим.
С.Раҳимов, ЎзА