Хитой май байрамлари арафасида оммавий рейсларни бекор қилди
Яқин Шарқдаги кескинлик туфайли Хитойда ҳам авиация ёнилғиси нархи кескин кўтарилди. Натижада Жануби-шарқий Осиёга кенг миқёсда, минглаб рейс бекор қилиниб, миллионлаб сайёҳнинг май байрамлари олдидан тузилган режаси барбод бўлди.
Бу ҳақда China Daily нашри хабар берган.
ХХРнинг етакчи минтақавий авиа ташувчилари – “Air China”, “China Eastern”, “Spring Airlines”, “China Southern” ва арзон нарх таклиф этадиган “Air Asia” қатор оммабоп йўналишларга хизмат кўрсатишни аллақачон тўхтатган. Мазкур қарор асосан Бангкок, Пхукет, Куала-Лумпур, Вьентьян каби машҳур сайёҳлик манзилларига таъсир кўрсатади.
“Hangban Guanjia” хабарига кўра, апрель ойи бошидан бери Сиань, Чунцинь ва Янтайдан Пхукет ва Бангкокка парвоз тўлиқ бекор қилинган. Чеклов расман камида май ойига қадар чўзилади.
Инқироз узоқ масофали йўналишлар, хусусан Ухань ва Гуанжоудан Океанияга парвозни ҳам четлаб ўтмади. Апрель ойида мазкур рейсларни бекор қилиш даражаси 50 фоиздан ошди. Вазият кейинги ой янада кескинлашиши кутиляпти.
Тебранишнинг асосий сабаби Вашингтон Эрон портларини қамал қилиш тўғрисида эълон бергач, нефть нархи кўтарилишидир. Халқаро музокара барбод бўлган бир пайт, нефть нархи бир баррель учун 104 доллардан ошди.
Самолёт ёнилғиси қийматини белгиловчи мазут нархи 10 фоиз ошиб, авиакомпаниялар харажати кескин кўпайди. Амалиёт харажатининг 40 фоизи ёнилғига кетиши сабабли, ташувчилар парвоз жадвалини қисқартириш ва тарифни оширишга мажбур. Халқаро ҳаво транспорти ассоциацияси Ҳурмуз бўғозидаги вазият барқарорлашган тақдирда ҳам таъминот меъёрига қайтиши учун бир неча ой зарурлигидан огоҳлантирди. “Qantas” ва “Air Asia” эса ёнилғи учун қўшимча тўловни ошириб, парвоз частотасини 10-20 фоиз қисқартирди.
Аввалроқ Осиё ҳаво транспорти компаниялари ёнилғи тақчиллиги туфайли рейсларни қисқартираётгани ҳақида хабар қилинган эди.
Г. Сатторова, ЎзА