Хитой Исроилни Ғарбий соҳилдаги аҳоли манзиллари қурилишини тўхтатишга чақирди
Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Озарбайжонда ўтган учрашувда Исроил Президенти Ицхак Герцогга Иордан дарёси Ғарбий соҳилида аҳоли манзилларини мажбурий барпо этиш сиёсати тўхтатилиши ва бекор қилиниши кераклигини айтди.
Бу ҳақда ХХР ТИВнинг жума кунги расмий баёнотига таяниб “Reuters” хабар берган. Чин томони таъкидлашича, Пекин Фаластин муаммосини асрнинг энг катта тарихий адолатсизлиги сифатида баҳолайди.
Мулозим Хитойнинг Яқин Шарқдаги сиёсати замирида тинчлик ва ярашувни илгари суриш мақсади ётишини билдириб, низони ҳал қилишнинг ягона тўғри йўли “икки давлат” тамойили эканини айтиб ўтди. Инқироз кенгайишининг олдини олиш учун ҳозирги энг муҳим вазифа Ғазо секторига инсонпарварлик ёрдамини тўлиқ ва тўсиқсиз киритишдир.
Шунингдек, Пекин барча томонларни имкон қадар тезроқ мулоқот ва маслаҳатлашувга қайтариш ҳамда можаронинг сиёсий ечимини топиш учун халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликка тайёрлигини билдирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА