Сиёсий фанлар доктори, шарқшунос Отабек Тўлаганов Хитойнинг Пекин шаҳрида ўқиб, 10 йил яшаб халқаро муносабатлар соҳасида тажриба орттириб қайтди. Ҳозирги кунда у Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонасида фаолият олиб боряпти.
Отабек Тўлаганов Хитой иқтисодиётини жадал ривожланиш сабаблари хусусида сўзлаб берди:
– Хитой бутун дунё кўз ўнгида, шу жумладан менинг кўз ўнгимда тубдан ва том маънода ўзгариб келмоқда. Хитойда таълим олганим туфайли ҳаётимнинг 10 йилини ушбу мамлакатда ўтказишга ва унинг иқтисодиёти, Хитой жамиятининг жадал ривожланишига шахсан гувоҳ бўлиш имконига эга бўлдим.
Хитойнинг кўплаб вилоятлари, шаҳарлари ва қишлоқларида бўлиб, у ердаги одамларнинг яшаш тарзини, интилишларини кузатдим. Хитойнинг иқтисодий мўъжизасига кўп жиҳатдан машаққатли меҳнат, шунингдек, сифатли таълим туфайли эришилганига гувоҳ бўлдим.
Янги Ўзбекистон учун ҳозирги даврда тараққиётнинг муҳим шарти бўлмиш юқори малакали кадрлар тайёрлаш зарур. Шунинг учун халқаро иқтисодиёт ва савдо, бизнес бошқаруви, электрон тижорат, қурилиш муҳандислиги, хитойшунослик, хитой филологияси, кетма-кет ва синхрон таржима каби соҳаларда таълим олишга эътибор қаратиш керак, деб биламан.
2023 йил декабрь ойида Хитой университетларининг Тошкентдаги кўргазмаси бўлиб ўтди, унда Хитойнинг 40 дан ортиқ университетлари иштирок этди. Ушбу кўргазмада асосан табиий ва техника фанлари университетлари намойиш этилди.
Шу кунларда Пекинда Ўзбекистон – Хитой таълим форуми бўлиб ўтмоқда. Ушбу форум икки давлат ўртасидаги олий таълим ва илмий алоқаларни жадал ривожлантиришга бағишланган.
Ўзбекистон Хитой билан бўлган стратегик алоқаларни қадрлайди, Хитойга доимо ишончли ҳамкор, унинг яхши қўшниси, ишончли дўст сифатида қараб келган.
<iframe width="853" height="480" src="https://www.youtube.com/embed/ZJPDXvRqLb4" title="Xitoy iqtisodiyotining jadal rivojlanish sabablari nimada?" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Хитой оммавий ахборот воситаларида экспертлар Хитой – Ўзбекистон муносабатлари юксак даражада эканини, Ўзбекистон Президентининг ташрифи икки давлат муносабатларининг “олтин даври”га тўғри келишини таъкидламоқдалар.
Ўйлайманки, ушбу ташриф алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, икки мамлакат ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш ва кенг кўламли амалий ҳамкорликни кенгайтириш учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
Н.Раҳмонова, А. Содиқов (видео), ЎзА.