Хитой ҳаво ҳудудини бузган Филиппин ҳарбий самолёти огоҳлантирилди
Филиппин Ҳарбий-ҳаво кучларига тегишли C-208 самолёти Хитой ҳукумати расмий рухсатисиз Хуангян ороли устидаги суверен ҳаво ҳудудига ноқонуний равишда кириб келган.
Ҳолатга жавобан Хитой Халқ озодлик армияси Жанубий жанговар қўмондонлиги зудлик билан ҳарбий-денгиз ва ҳарбий-ҳаво кучларини сафарбар этди. Ҳаво кемаси тўлиқ кузатувга олиниб, амалдаги меъёрга мувофиқ расмий огоҳлантириш берилди ва ҳудуддан чиқариб юборилди.
Жанубий қўмондонлик матбуот котиби Чжай Шичэнь баёнотида Хуангян ороли азалдан ХХР ажралмас ҳудуди экани алоҳида таъкидланган. Унинг сўзларига кўра, Филиппин томонининг бундай ҳатти-ҳаракати мамлакат суверенитетини очиқдан-очиқ бузиш ҳисобланади ва денгиз ҳамда ҳаво ҳудудида нохуш ҳодисалар келиб чиқиш хавфини кескин оширади.
Пекин Манилани бундай иғвогарона ҳуқуқбузарлик ҳаракатини зудлик билан тўхтатишга чақириб, Хитой Қуролли кучлари миллий хавфсизлик ва минтақавий барқарорликни ҳимоя қилиш учун тўлиқ жанговар шайлик ҳолатида эканини билдирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА