Хитой ҳарбий мақсадда гуманоид-робот яратмоқда
Пекин гуманоид-робот ишлаб чиқариш жараёнини фаол ривожлантириб, бундай маҳсулотларни ҳарбий мақсадда қўллаш режасини тузмоқда. Бу ҳақда "Reuters" хабар тарқатган.
Ўтган ой Чин диёрида бўлиб ўтган Жаҳон гуманоид робот ўйинларида машиналар югуриш, бокс, сакраш ва рақсга тушиш каби турфа қобилият намойиш этгани таъкидланган. Мусобақадан кўп ўтмай, Хитой Халқ Озодлик армияси расмий газетаси робот технологиясини лабораториядан ҳарбий ўқув майдонига кўчиришни тезлаштиришга чақирди.
Таъкидланишича, ҳарбийлар разведка, қоровуллик, хавфли ҳудудда ишлаш – бино, ер ости йўли каби қийин муҳитда вазифа бажариш учун темир одам имкониятини ўрганяпти. Шундай бир тадқиқотда роботнинг қуруқлик қўшини таркибида иншоотга ҳужум қилиши, қават ва хоналарни текширишда иштирок этиши назарда тутилган. Муаллифлар фикрича, айни технология кейинги беш-ўн йил ичида амалиётга татбиқ этилиши мумкин.
Хитой аллақачон кўплаб гуманоид-робот ишлаб чиқармоқда. “BofA Global Research” маълумотига кўра, 2025 йил Чин компаниялари дунё бўйлаб шундай машина етказиб бериш миқдорининг тахминан 95 фоизини қоплаган.
Мудофаа компаниялари ҳам гуманоид ишлаб чиқмоқда. Масалан, давлатга қарашли “Norinco” концерни хавфсизлик, разведка, қўриқчилик ва бошқа айрим миссиялар учун мўлжалланган “Fuxi” роботини тақдим этди. Роботни масофадан туриб бошқариш тўлиқ алоҳида қарор қабул қилиш заруратини камайтиради.
С.Раҳимов, ЎзА