Хитой БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференциясини ўтказиш ғоясидан воз кечдими?
Хитой 2028 йил БМТ 33-иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP33)ни ўтказиш ғоясидан воз кечди, дея хабар тарқатди Британиянинг "Тhе Guardian” манбаларга таяниб.
– Хитой бир неча ойлик муҳокамадан сўнг 2028 йил БМТ Иқлим ўзгариши бўйича COP33 саммитини ўтказишдан воз кечди, – дейилган баёнотда. – Энди Осиёнинг бошқа мамлакатларида ушбу анжуманни ўтказиш имкони пайдо бўлди.
БМТ Иқлим ўзгариши бўйича доиравий конвенцияси қоидасига кўра, 2028 йилги саммит Осиёда ўтиши белгиланган. Газета ёзишича, даъвогарлар орасида Ўзбекистон, Жанубий Корея, Индонезия ва Таиланд бор.
Пекин нима учун акс қарор қабул қилгани номаълум. Айрим экспертлар бу АҚШнинг кейинги президенти сайлови вақти билан боғлиқлигини тахмин қилган.
Қўшма Штатларда президент сайлови 2028 йил 7 ноябрда бўлиб ўтади, COP33 эса 6-17 ноябрь кунларига тўғри келади.
Апрель ойида “Reuters” Ҳиндистон ҳам 2028 йил БМТ Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси (COP33) 33-сессиясини ўтказиш таклифини қайтариб олгани ҳақида хабар қилган эди.
С.Раҳимов, ЎзА