Хитой 30 йил ичида биринчи марта қамоқхона қонунини ўзгартирди
Хитой қамоқхона қонунчилигини 30 йил ичида илк бор жиддий ислоҳ қилди. Яъни, мамлакатда маҳбусни реабилитация қилиш ва ҳуқуқини ҳимоялаш, бошқарув самарадорлигини оширишга қаратилган янги таҳрир қабул қилинди.
Хитойнинг олий қонун чиқарувчи идораси тасдиқлаган ислоҳот реабилитация жараёнини такомиллаштириш, қамоқхона назоратини мувофиқлаштиришга қаратилган, деб ёзди “Синьхуа” агентлиги.
Янгиланган таҳрирда модда сони 78 тадан 121 тага кўпайтирилди. Ҳужжатда ҳукм ижроси устидан прокурор назоратини кучайтириш кўзда тутилиб, қамоқхона маъмурияти учун батафсил стандарт жорий этилган.
Маҳкумнинг қонуний ҳуқуқи ва манфаатини ҳимоя қилиш қоидаси ҳам мустаҳкамланган. Суд, прокуратура, ахлоқ тузатиш муассасаси маъмуриятлари фаолиятини тартибга солишга алоҳида эътибор қаратилиб, жазони қисқартириш, маҳбусни муддатидан илгари шартли равишда озод қилиш билан боғлиқ ишни қонун меъёрига қатъий риоя қилган ҳолда, вақтида ва холис кўриб чиқишни таъминлаш зарур.
Адлия вазири Хэ Жун таъкидлашича, ислоҳот зарурати адолат ва хавфсизликка жамият талаби ортиб бораётганидан келиб чиқди. Унинг таъкидлашича, суд-ҳуқуқ ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш муассасалари фаолиятини такомиллаштириш режаси қамоқхона тизими фаолиятига янги талаблар қўйган.
Лойиҳани муҳокама қилиш чоғида парламент аъзолари қонунчилик базаси кенгайиши Хитойда амалий психология ривожланиши туфайли амалга оширилганини алоҳида таъкидладилар. Бу соҳада малакали мутахассислар сони ортиб бораётгани психологик ёрдам ва тузатиш дастурлари яратиш қоидасини қонунчиликка киритиш имконини берди.
Янгиланган “Қамоқхона тўғрисида”ги қонун 2026 йил 1 ноябрдан расман кучга киради.
Г.Сатторова, ЎзА