Ҳисоб палатаси: 1,1 триллион сўмлик ноқонуний харажатларнинг олди олинган
Бугунги рақамлаштириш жараёнлари барча соҳа ва тармоқларга кенг жорий этилмоқда. Жумладан, Ҳисоб палатаси фаолиятида сунъий интеллект технологияларини жорий этиш орқали “Масофавий аудит” ахборот тизими йўлга қўйилган. Бунинг натижасида қисқа вақт ичида 75 та вазирлик, идора ва банкларнинг 259 та ахборот базаси интеграция қилиниб, ўтказилган 93 та аудит тадбирларининг 47 таси масофавий ўтказилган.
Бу ҳақда Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида айтиб ўтилди. Унда Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги ҳисоботи муҳокама қилинди.
Фракция аъзолари ҳисоботда давлат маблағларининг мақсадли сарфлангани, ижтимоий соҳани ривожлантириш, аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ҳамда электорат манфаатлари учун ажратилган ресурсларнинг қай даражада тўғри ва манзилли ўзлаштирилганига алоҳида эътибор қаратди.

Депутатлар Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги ҳисоботи олдинги йилларга қараганда шаклан ва мазмунан фарқ қилганини, аниқланган камчиликлар, коррупцион ҳолатлар ва уларни келтириб чиқарувчи омилларнинг олдини олиш борасида вазирлик ва давлат идораларига нисбатан белгиланган чора-тадбирлар аниқ кўрсатилганини қайд этди.

Ҳисоботда келтирилишича, Бюджет харажатларида 8,1 триллион сўм маблағ мақбуллаштирилган, 1,1 триллион сўмлик ноқонуний харажатларнинг олди олинган, бюджет даромадига 7,6 триллион сўм қўшимча манбалар қўшилган. Ташқи қарзлар ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳаларда 5,7 триллион сўм маблағни иқтисод қилиш имкониятлари аниқланиб, уларнинг 4,1 триллион сўми бошқа соҳаларга қайта йўналтирилган.
Фракция аъзолари муҳокамаларда таълим, соғлиқни сақлаш, бандлик ва ижтимоий ҳимоя йўналишларида кузатилган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш зарурлигини таъкидлади. Бу борада парламент назоратини янада кучайтириш лозимлигини билдирди.
Фракция йиғилишида Ҳисоб палатасининг 2025 йилдаги фаолияти маъқулланди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА