Япон халқи Хиросимага атом бомбаси ташланганига 80 йил тўлганини сукут билан эслади. Шаҳар марказидаги Тинчлик Мемориал боғида бўлиб ўтган тарихий фожиани ёд этиш маросимида Бош вазир Сигеру Ишиба ва бошқа амалдорлар иштирок этди.
Мэр Казуми Мацуи Японияни “урушда атом бомбаси ҳужумига учраган ягона давлат” деб атади ва тинчлик сари интилиш зарурлигини таъкидлади:
– Абадий тинчликка эришиш япон халқининг ягона умиди.

Маълумки, Иккинчи жаҳон уруши якунида АҚШ томонидан Хиросима (6 август) ва Нагасаки (9 август)га ташланган атом бомбалари 200 мингдан кўп инсоннинг умрига зомин бўлган. Кўпчилик кутилмаган портлашдан ҳалок бўлган, қолганлар радиация ва куйиш асоратидан вафот этган.

Мазкур даҳшатли ҳодиса оқибатини бошидан кечирганлар, хусусан “хибакуша” деб аталувчи омон қолганлар қатлами ҳамон оғриқли хотиралар билан яшамоқда. 6 ёшида отаси ва икки укасини йўқотган Шинго Наито: “Отамнинг териси баданидан ажраб кетган, у менинг қўлимни ушлай олмасди,” дея эслайди аламли кунларни.
Бу тарихий сабоқ ядровий қурол мавзусидаги халқаро баҳсда ҳам диққат марказидан тушмаяпти.

Мэр глобал қуролланиш кўлами кенгайиб бораётганини ҳам танқид қилди: Ядро қуролини мудофаа кафолати, деб ўйлаш тарих фожиасидан сабоқ олмасликдир. Шунингдек, у Япония ҳукуматини 2021 йил кучга кирган Ядро қуролини тақиқловчи халқаро шартномани ратификация қилишга чақирди.
Ядро масаласи кун чиқар юртда ҳамон баҳсли мавзу. Токио ҳукумати АҚШ ядровий “сояси” остидаги хавфсизлик кафолатини афзал кўриб, тақиқ шартномасини имзоламаган.
Мусулмон Зиё, ЎзА