Ҳиндистонда СИ марказларига қарши норозилик кучаймоқда
Ҳиндистонда сунъий интеллект (AI) инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида маълумот марказлари қурилиши жадаллашгани аҳолида норозик уйғотиб, экология муаммоларини келтириб чиқармоқда.
Бош вазир Нарендра Моди мамлакатни жаҳон маълумот хабига айлантиришни режалаштирган. Айни мақсад йўлида “Amazon”, “Google” ва “Microsoft” каби йирик технология гигантлари Ҳиндистонга миллиардлаб доллар инвестиция киритмоқда.
Шундай лойиҳалардан бири “Amazon” компаниясининг Мумбай яқинидаги Тане шаҳрида барпо этаётган дата-маркази маҳаллий аҳолининг кескин норозилигига учради.
Илгари яшил бўлган жойда дарахтлар кесилиб, турар-жойга яқин ҳудудда улкан қурилиш ишлари бошланган. Аҳоли шовқин, электр ва сув ресурси танқислигидан хавотирга тушган.
Ҳиндистон дунё ичимлик суви манбасининг атиги 4 фоизига эга бўлган ҳолда, ер юзи аҳолисининг 18 фоизини боқади. Тахминга кўра, яқин йилларда мамлакатдаги маълумот марказларининг 60-80 фоизи кучли сув танқислигига дуч келади.
Маҳаллий ҳокимият ва “Amazon” вакиллари ресурс алоҳида манбалардан олинишини таъкидласа-да, эътироз тўхтагани йўқ. Юзлаб аҳоли намойишга чиқиб, мажмуани одамлар яшайдиган ҳудуддан кўчиришни талаб қиляпти. Бундай зиддият нафақат Ҳиндистон, балки АҚШ ва Европа мамлакатларида ҳам тобора авж оляпти.
Ф.Яхшибоева, ЎзА