Ҳиндистонда 70 та глобал технология маркази очилади
Ҳиндистон жанубида жойлашган Ҳайдаробод шаҳрида 2027 йилга бориб йирик халқаро компаниялар ҳузурида 60 тадан 70 тагача янги глобал имкониятлар марказлари ва хорижий технология марказлари иш бошлайди.
ANSR маслаҳат компанияси томонидан тайёрланган ҳисоботга кўра, ушбу мамжмуаларнинг 30 фоизи банк ва молия соҳасида фаолият юритувчи ташкилотлар ҳиссасига тўғри келади.
Ҳозир мамлакатда технология марказлари сони бўйича Карнатака штати маркази Бангалор шаҳри етакчилик қилмоқда. Бу ҳудудда 1100 дан зиёд шундай маскан бор. Телангана штати ҳукумати маълумотига кўра, Ҳайдарободда бу рақам 500 ни ташкил қилади. Шунга қарамай, кўплаб йирик хорижий фирмалар янги технология марказлари барпо этиш учун айнан Ҳайдарободни афзал кўрмоқда.
Мутахассислар таъкидлашича, халқаро IT гиганти “Accenture” компанияси томонидан молиялаштириладиган ANSR консалтинг фирмаси шу кунгача “Costco”, “Marriott” ва “Target” каби машҳур жаҳон брендларига Ҳиндистонда марказ очиш бўйича яқиндан кўмаклашган.
Ф.Яхшибоева, ЎзА