Ҳиндистон шанба куни Покистон билан импорт, почта алмашинуви ва денгиз алоқаси тўхтатилганини билдирди. Бу қарор 22 апрель куни Кашмирда 26 кишининг ўлимига сабаб бўлган ҳужумдан кейин Жанубий Осиёнинг ушбу икки давлати ўртасида давом этаётган кескинлик асносида қабул қилинди. Нью-Деҳлида шу мазмундаги ҳукумат баёноти эълон қилинган.
– Покистонда ишлаб чиқарилган ёки ушбу давлат орқали кириб келаётган ҳар қандай товарнинг тўғридан-тўғри ёки билвосита импорти, транзити, шундай маҳсулотлар эркин олиб кирилиши, ҳеч бир истисносиз, турли рухсатномалардан қатъи назар, кейинги фармойишгача зудлик билан тақиқланади, – дея таъкидланган жума куни кечқурун Ҳиндистон Савдо вазирлиги тарқатган баёнотда.
Кўрсатма дарҳол кучга кириши таъкидланиб, “Ушбу чеклов миллий хавфсизлик ва давлат манфаатини ҳимоя қилиш мақсадида жорий этилаётгани” қўшимча қилинган.
Исломобод аллақачон қўшни давлат билан савдони тақиқлаган.
Алоҳида баёнотлар Ҳиндистон Покистондан ҳаво ва қуруқлик йўли орқали келаётган барча турдаги хат, жўнатмалар тўхтатилгани, Ислом Республикаси байроғи остидаги кемалар ҳинд портларига кириши тақиқлангани ҳақида маълумот беради. Худди шундай, Ҳиндистон байроғи остидаги кемалар Покистон портларига киришига рухсат берилмайди.
Сўнгги кунларда кўплаб давлатлар, жумладан АҚШ ҳам кескинликни юмшатиш мақсадида икки мамлакат раҳбарлари билан алоқага чиқди.
М.Сайфуллаев, ЎзА