Хегсет ва Рубио ишдан кетадими?
АҚШдаги оралиқ сайловда республикачилар мағлубиятга учрагач, Президент Дональд Трамп маъмуриятидаги кадрлар алмашинуви ҳақида хабарлар тарқалди. Жумладан, мудофаа вазири Пит Хегсет ва Давлат котиби Марко Рубио лавозимидан кетиши мумкинлиги айтилди. Оқ уй бу маълумотни инкор этди. Рубио ҳам ишини Трампнинг президентлик муддати тугагунга қадар давом эттириш ниятини билдирди.
Хегсет эса Эрон билан урушдаги иштироки учун танқид остида қолган. Республикачилар муаммосига айнан шу уруш сабаблиги кўп гапириляпти. Конгресс вакили Томас Масси мудофаа вазирига нисбатан импичмент жараёни бошланишини таъкидлади. Хегсет эса бу ташаббусни сиёсий ҳужум деб атаб, ўз фаолиятини ҳимоя қилди. Трамп ҳозирча уни лавозимда қолдириш нияти борлигини қайд этган.
Оқ уй ҳарбий раҳбариятида ўзгариш эҳтимоли борлиги ҳақида ҳам хабар берилди. “Вашингтон пост” нашри Трамп Қуролли кучлар штаб бошлиқлари қўмитаси раиси генерал Дэн Кейн ёки АҚШ Марказий қўмондонлиги раҳбари адмирал Брэд Куперни алмаштириш масаласи кўриб чиқилаётганини ёзди. Уларнинг ҳар иккиси Эрон билан уруш бўйича қарорлар муҳокамасида фаол қатнашган.
Мусулмон Зиё, ЎзА