Тошкент вилоят судида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган юрист, олий малакали судья, Судьялар олий мактабининг фахрий профессори Убайдулла Мингбоев иштирокида маънавий-маърифий учрашув бўлиб ўтди. Унда вилоят судининг судья ва ходимлари иштирок этди.
Тадбирда вилоят суди раиси Д.Таджибаев сўзга чиқиб, У.Мингбоевнинг ҳаёт йўли, ибратли фаолияти, орттирган бой тажрибаси барча судьялар учун ибрат мактаби эканини қайд этди. Чиндан ҳам шундай. Бир кунлик адолат қирқ йиллик ибодатдан афзал, деган ҳикматни ўзига шиор деб билган ва унга амал қилган Убайдулла аканинг ҳаёт йўлига назар ташласак, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, ҳақиқатни рўёбга чиқариш устознинг умр мазмунига айланганини ҳис этиш мумкин.
– Судья ўз хатти-ҳаракатлари билан бошқаларга ўрнак бўлиши, шу орқали фуқароларда судга, судьяга нисбатан ҳурмат ҳиссини уйғота олиши лозим, – дейди У.Мингбоев. – Ўзбекистон Республикаси номидан иш юритиш, давлат ва жамиятнинг ишончли вакили экани судьялар учун бошқаларга нисбатан каттароқ масъулият юклайди. Шундай экан, судья ўзига билдирилган юксак ишончдан фақат юрт равнақи, қонун устуворлиги йўлида фойдаланиши, ҳуқуқий давлат қуришга ўз ҳиссасини қўшиши, давлат, жамият ва виждон олдида пок, ўз қасамёдига содиқ бўлиши лозим.
У.Мингбоев мулоқот чоғида фаолияти даврида дуч келган турли воқеаларни ҳаётий мисоллар билан гапириб берди. Шунингдек, ҳозир янги Ўзбекистонда судьяларга, суд ходимларига яратилаётган имконият ва шароитларни ўтган даврлар билан умуман таққослаб бўлмаслигини, буни ёшлар чуқур англаб етишлари кераклигини айтиб ўтди.
Учрашувда меҳнат фахрийсининг “Покланиш палласи” номли китоб тақдимоти ҳам ташкил этилди. Тошкент вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси Холмамат Ҳасанов, Ўзбекистон Судьялари Ассоциацияси матбуот котиби Шерзод Даминов мазкур китобнинг аҳамияти ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Китобда фарзанд тарбияси, давлат ва жамиятда юз бераётган янгиланишларга бўлган муносабат, дахлдорлик ҳисси ва ҳуқуқий давлатнинг муҳим шартларидан бири бўлган қонун устуворлигига оид фикрлар баён этилган.
А.Мусаев,ЎзА.