Сирдарё вилоятининг Гулистон шаҳридаги 4-сонли умумтаълим мактабига ташкил этилган пресс-тур таълим соҳасидаги инновацион ёндашувлар, амалий кўникмаларга асосланган ўқув тизими ва болаларни ҳаётга тайёрлашга қаратилган “Hayot maktabi” лойиҳаси билан танишиш имконини берди.
Тадбир “Дастурлар доирасида амалга оширилган ишлар” мавзусида ташкил этилган бўлсада, у иштирокчиларда мактаб фақат назарий билим эмас, балки ҳаёт учун керакли кўникмаларни ҳам берадиган муассасага айланиши мумкинлигини яққол намоён қилди.
Мактабдаги энг самарали ташаббуслардан бири – “Hayot maktabi” лойиҳаси бўлиб, у ўқувчиларни ҳаётга тайёрлаш, меҳнатга меҳр уйғотиш ва амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган.
– Бошланғич синф ўқувчилари учун мактаб формалари тўғридан-тўғри мактабдаги тўгаракда ўқувчи қизлар томонидан тикиляпти. Бу болаларда ижод, жамоада ишлаш ва ишлаб чиқариш жараёнларини англаш қобилиятини шакллантиради, – дейди мактаб директори Муқаддас Оқилова.
Тикиш-бичиш, мебелсозлик, бисерчилик ва бошқа ҳунар тўгараклари орқали ўқувчилар касб-ҳунарни ўрганиш билан бирга, маҳсулот тайёрлаш, сотиш ва буюртма асосида ишлаш жараёнларида ҳам қатнашмоқда. Бу маҳсулотлар “Ҳаят scнооl” бренди остида бозорга чиқарилмоқда.
Хомашёнинг бир қисми маҳаллий таълим муассасалари ёрдамида таъминланса, қолгани буюртмалар ва фаолиятдан тушган даромад ҳисобига қопланмоқда. Бу таълим муассасасининг иқтисодий жиҳатдан ҳам барқарор бўлишига замин яратмоқда.
2024-2025 ўқув йилидаги натижаларга кўра, 70 нафар битирувчидан 12 нафари миллий ва халқаро тил сертификатларига эга. 9 нафар ўқувчи миллий имтиҳонларда иштирок этган. Олдинги йилдаги битирувчиларнинг 75 фоизи олий таълим муассасаларига киришга муваффақ бўлган.
– Бу кўрсаткичлар ортида жамоамиздаги 48 нафар педагогнинг самарали меҳнати бор. Уларнинг кўпчилиги олий, биринчи ва иккинчи тоифали мутахассислардир, – дейди директор ўринбосари Эллёр Бобоев.
Мактабда инглиз тилига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Дарсдан ташқари бепул ва пулли тўгараклар фаолият юритмоқда. Бу йўналишда халқаро тил сертификатига эга бўлган ўқувчилар сони ортиб бораётгани амалий натижаларни кўрсатиб турибди.
Шахмат, волейбол, кураш, карате каби спорт тўгараклари билан бир қаторда, мусиқа ва рассомлик йўналишлари ҳам ўқувчиларнинг истеъдодини намоён этишга хизмат қилмоқда. Мактаб ўқувчилари вилоят ва республика миқёсидаги мусобақаларда фаол қатнашиб, мукофотларга сазовор бўлишмоқда.
Гулистон шаҳридаги 4-сонли умумтаълим мактабида амалга оширилаётган “Hayot maktabi” лойиҳаси бу мактабнинг келажак авлодни ҳаётга тайёрлашда қандай амалий усуллардан фойдаланиш мумкинлигининг ёрқин намунасидир.
[gallery-23178]
Бундай тажрибалар таълим тизимида “Таълим фақат китоб эмас, ҳаётнинг ўзи бўлиши керак” деган ғояни амалда намоён этмоқда. Агар бу каби моделлар кенг жорий этилса, ёшлар таълим жараёнидаёқ ўз касбини аниқлаб, мустақил ҳаётга дадил қадам ташлаш имконига эга бўладилар.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири