Хавфсизликнинг замонавий маскани
Фавқулодда вазиятларда инсоннинг тўғри ва тезкор ҳаракат қилиши кўп ҳолларда унинг ҳаётини асраб қолиши мумкин. Шу боис аҳолининг хавфсизлик маданиятини юксалтириш, турли хавфли ҳолатларга тайёрлаш муҳим вазифалардан биридир. Қашқадарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан журналист ва блогерлар иштирокида ташкил этилган пресс-турда ана шу йўналишда фаолият юритаётган Ҳаёт фаолияти хавфсизлиги ўқитиш марказида яратилган шароитлар намойиш этилди.
ОАВ вакиллари марказнинг замонавий ўқув-амалий базаси, интерактив воситалари, симуляцион тренажёрлари ва виртуал реаллик – VR технологиялари билан танишибгина қолмай, айрим машғулотларни ўзлари ҳам синаб кўрди.
Марказда биринчи ёрдам кўрсатиш, зилзила, сел, сув тошқини ва кўчки каби табиий офатлар, техноген хавфлар, ёнғин ҳамда сувда хавфсизлик, тоғларда ҳаракатланиш, фавқулодда вазиятларда хабар алмашиш каби йўналишларда назарий ва амалий машғулотлар ўтказилади.
Айниқса, VR технологиялари орқали йўл-транспорт ҳодисалари, ёнғин, хонадонлардаги хавфли ҳолатлар, радиацион, кимёвий ва биологик хавфлар виртуал муҳитда моделлаштирилади. Бу эса тингловчига хавфли вазиятни хавфсиз шароитда бошдан кечириб, зарур ҳаракатларни амалда синаб кўриш имконини беради.
Марказдаги махсус лабиринт ҳам амалий тайёргарликнинг муҳим қисми. Унда тутун босган ёки кўриш имконияти чекланган шароитда саросимага тушмасдан, хавфсиз чиқиш йўлини топиш ва эвакуацияланиш кўникмалари шакллантирилади.
Пресс-тур давомида ОАВ вакиллари “Тарих ва ҳозир” музейи билан ҳам танишди. Музейда Фавқулодда вазиятлар тизимининг шаклланиши ва ривожланиш босқичлари ҳақида маълумот берувчи кўргазмали материаллар жамланган.
Ўқув машғулотлари якунида тингловчиларнинг билим ва кўникмалари замонавий тест тизими орқали баҳоланади. Шу тариқа, марказда назарий билимни амалий машғулотлар ва интерактив технологиялар билан уйғунлаштирган таълим тизими йўлга қўйилган.
Тадбир якунида журналист ва блогерлар марказ фаолияти, ўқув жараёни ва аҳолининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган ишлар юзасидан ўзларини қизиқтирган саволларни масъулларга йўллаб, тегишли жавоб олди.
Бундай марказларнинг аҳамияти шундаки, инсон хавфли вазиятга дуч келганда нима қилиш кераклигини айнан ўша пайтда эмас, олдиндан билиши лозим. Чунки фавқулодда вазиятда ҳар бир сония ва ҳар бир тўғри қарор инсон ҳаёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга.
[gallery-31366]
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари