Бухоро маҳаллалари обод ва кўркам қиёфа касб этмоқда
Бухоро шаҳридаги Сайфиддин Баҳорзий ва Шайх ул олам маҳаллаларида Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги Боғимайдон маҳалласи тажрибаси асосида кенг кўламли ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда.
Лойиҳа доирасида маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, аҳоли учун қулай яшаш шароитларини яратиш, ҳудудларни ободонлаштириш ва ижтимоий объектларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Хусусан, Сайфиддин Баҳорзий маҳалласида янги маҳалла биноси, ёшлар кутубхонаси, жамоат маскани ва замонавий болалар ўйин майдончаси барпо этилмоқда. Шунингдек, кўп қаватли турар жойларнинг 6 та фасадига замонавий тасвирлар тушириш ишлари якуний босқичга етган.
[gallery-32303]
Ҳудудда 9 минг квадрат метр пиёдалар йўлакларини қуриш ишлари давом этмоқда. Шунингдек, 3,3 километр суғориш тармоғи барпо этилди. 32 та кўп қаватли уйнинг ташқи ва ички қисмларини таъмирлаш ҳамда 18 минг квадрат метр майдондаги ички йўлларга асфальт ётқизиш ишлари якунланиш арафасида.
Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида 24 та видеокузатув камераси ўрнатилиб, фойдаланишга топширилди. Кўп қаватли уйларнинг 44 та кириш эшигига замонавий кодли қулфлар ўрнатилмоқда.
Маҳаллаларда манзарали дарахтлар экиш, фавворалар барпо этиш ва ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ишлари ҳам олиб борилмоқда. Хусусан, маҳаллага кириш қисмида унинг номи акс эттирилган замонавий очиқ дарвоза қурилди.
Лойиҳада аҳоли бандлигини таъминлаш ҳам назарда тутилган. Ҳудудларда янги савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчаларини ташкил этиш ҳисобидан 240 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Амалга оширилаётган ишлар маҳаллалар қиёфасини янгилаш, аҳоли турмуш шароитларини яхшилаш ва ҳудудларда қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА