“Хавфсиз йўл – хавфсиз ҳаёт” мавзусида профилактик тадбир ўтказилди
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий хизматчилар ва автотранспорт воситалари ҳайдовчиларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисалари ҳамда турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш мақсадида Шимоли-ғарбий ҳарбий округида “Хавфсиз йўл – хавфсиз ҳаёт” мавзусида профилактик тадбир ташкил этилди.
Тадбирда ҳарбий хизматчилар, автотранспорт воситалари ҳайдовчилари, масъул мутахассислар ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Унда бугунги кунда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, содир этилиши мумкин бўлган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг келиб чиқиш сабаблари, уларнинг олдини олиш бўйича кўрилаётган профилактик чоралар хусусида батафсил маълумот берилди.
Тадбир давомида йўл ҳаракати қоидаларига қатъий риоя этиш ҳар бир ҳайдовчи ва пиёданинг нафақат қонуний, балки фуқаролик бурчи экани алоҳида таъкидланди. Мутахассислар томонидан содир этилган йўл-транспорт ҳодисалари таҳлил қилиниб, уларнинг асосий сабаблари – тезликни меъёридан ошириш, масофани сақламаслик, транспорт воситасини носоз ҳолатда бошқариш, ҳайдовчининг эътиборсизлиги ва масъулиятсизлиги каби омиллар мисоллар билан тушунтирилди.
Мутахассислар ҳар бир ҳайдовчининг йўлга чиқишдан аввал транспорт воситасининг техник ҳолатини синчиклаб текшириши, ҳаракат давомида белгиланган тезлик меъёрларига амал қилиши, хавфсизлик камаридан фойдаланиши ҳамда бошқа йўл ҳаракати иштирокчиларига нисбатан ҳурмат ва масъулият билан муносабатда бўлиши муҳимлигини қайд этдилар.
Тадбир давомида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олдилар. Очиқ мулоқот шаклида ташкил этилган учрашув профилактик ишлар самарадорлигини ошириш, ҳарбий хизматчилар ва ҳайдовчиларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Зеро, йўлларда хавфсизликни таъминлаш ҳар бир фуқаро ва ҳар бир ҳайдовчининг юксак масъулияти ҳамда ҳаётни асрашга қаратилган энг муҳим вазифалардан биридир.
Довуд Абибуллаев, ЎзА мухбири