“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари давом этмоқда
“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирларини сифатли ва самарали ташкил этиш, жамоат тартибини сақлаш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олиш, шунингдек, тунги вақтда аҳоли хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирлар натижадорлигига эътибор қаратилмоқда.
Жорий йил 1 июль - 15 август кунлари ўтказилган тадбирнинг иккинчи босқичи натижаларига кўра, олди олиниши лозим бўлган жиноятлар 2 минг 228 тага камайишига эришилган. Жиноят турларидан қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, талончилик, босқинчилик, фирибгарлик ва безорилик жиноятлари камайган. Ички ишлар органлари ходимларининг ташаббуси билан жиноятларни аниқлаш 792 тага яхшиланган.
Шундан келиб чиқиб, жорий йил 1 ноябрдан мамлакатимизда тадбирларнинг учинчи босқичи бошланди.
«Хавфсиз ва соғлом юрт» кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида ички ишлар вазири, генерал-лейтенант Азиз Тошпўлатов пойтахтимизда тунги вақтда жамоат хавфсизлигини таъминлашга жалб этилган ички ишлар органларининг соҳавий хизматлари ҳамда бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ходимларининг ҳамкорликдаги фаолиятини ўрганди.

Ўрганишлар давомида асосий эътибор аҳоли гавжум бўлган Шайхонтоҳур туманидаги «Tashkent city» мажмуасига қаратилди. Бу ҳудуддаги жамоат тартибини сақлаш, маҳаллий аҳоли ва хорижий сайёҳлар учун хавфсиз шароитлар яратиш, юқори савияда хизмат кўрсатиш ҳамда кўнгилочар тадбирларни хавфсиз ташкил этиш борасида амалга оширилаётган ишларни жойига чиққан ҳолда кўздан кечирди.
Мажмуадаги мусиқали фаввора, «Tashkent city» хиёбони, «Tashkent city mall» ҳамда «Park in mall» кўнгилочар масканларига ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан кўрилаётган чоралар таҳлил қилинди.

Ички ишлар вазири томонидан «Tashkent city» мажмуасига ташриф буюраётган хорижий сайёҳлар оқими сезиларли даражада ортгани инобатга олиниб, мазкур ҳудудда хавфсиз туризмни таъминлаш бўйича махсус отряд фаолиятини йўлга қўйиш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
Шу билан бирга, тунги вақтда аҳоли хавфсизлиги ва осойишталигини таъминлашда муҳим ўрин тутувчи тезкор ҳаракатланувчи қўриқлаш экипажлари фаолияти ўрганилди. Чақирув тугмалари орқали экипажларнинг тезкор ҳаракатланишга тайёрлиги, ҳушёрлиги ва хизматга шайлиги амалда синовдан ўтказилди.
Бундан ташқари, Мирзо Улуғбек туманидаги Ўзбекистон овози кўчасида жойлашган, 24/7 режимида фаолият юритувчи кўнгилочар масканлар, умумий овқатланиш объектлари, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари ҳудудларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.
Мазкур ҳудудларда дам олувчилар хавфсизлиги, шунингдек, яқин атрофда истиқомат қилувчи аҳоли тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилиб, ҳудудга бириктирилган «Ҳуқуқ-тартибот» маскани фаолияти таҳлил қилинди.
Масканда хизмат олиб бораётган профилактика инспекторлари, патруль-пост ва қўриқлаш хизмати ходимлари билан суҳбатлар ўтказилиб, уларнинг хизматни ўташ ва яшаш шароитлари ўрганилди.
Н.Абдураимова,
ЎзА