Хавфли объектлар хавфсизлигига тегишли талаблар қўйилмоқда
Қонунчилик палатасининг йиғилишида хавфли ишлаб чиқариш объектларининг ва потенциал хавфли объектларнинг саноат хавфсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда муҳокама қилинди.

Ушбу ҳужжат саноат хавфсизлигига оид қонунчиликни янада такомиллаштириш ҳамда хавфли ишлаб чиқариш объектлари билан боғлиқ фаолиятни амалга оширувчи субъектларнинг масъулиятини оширишни назарда тутади.
Қонун лойиҳаси билан инсонларнинг ҳаёти, соғлиғи, мол-мулки ва атроф-муҳитга хавф туғдириши мумкин бўлган — потенциал хавфли объектлар (лифтлар, юк кўтариш механизмлари, эскалаторлар, травалаторлар, шамол электр станциялари, аттракционлар) хавфсизлигига талаблар қўйилмоқда. Бу ушбу объектларнинг хавфсиз ишлашини таъминлаш, аҳолига улардан фойдаланишда хавфсиз муҳит яратиш, содир бўлиши мумкин бўлган авариялар ва уларнинг оқибатида келиб чиқадиган бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олишга хизмат қилади.
Лойиҳа билан саноат хавфсизлиги соҳасида янги институт —хизматлар кўрсатадиган эксперт ташкилотлари ҳам жорий этилмоқда. Улар хавфли ишлаб чиқариш объектларидан фойдаланувчи корхоналарда саноат хавфсизлигини бошқариш тизимини ихтиёрий асосда мустақил аудитдан ўтказади. Бу орқали корхоналар ўз фаолиятидаги хавфсизлик даражасини холис баҳолаш, мавжуд камчиликларни аниқлаш ва уларни бартараф этиш имкониятига эга бўлади. Натижада ишлаб чиқариш жараёнларида хавф-хатарлар камайиб, ходимлар ва аҳоли хавфсизлиги таъминланади.
Қонун лойиҳасида хавфли ишлаб чиқариш объектларида саноат хавфсизлигини бошқариш тизимининг аудити институтини жорий этиш ҳам назарда тутиляпти. Бу орқали эса янги бир тадбиркорлик йўналиши — ихтисослаштирилган хизматлар бозори пайдо бўлади. Тадбиркорларга кенг қулайликлар яратилиб, корхоналарда саноат хавфсизлиги доимий назорат қилиб борилади.
Шунингдек, ҳужжатда хавфли ишлаб чиқариш объектида юз берган авария оқибатида инсонларнинг ҳаётига, соғлиғига ва мол-мулкига ҳамда атроф-муҳитга етказилган зарар учун жавобгарликни мажбурий суғурта қилиш бўйича суғурта суммаларининг энг кам миқдорини икки баравар ошириш таклиф этилмоқда. Бу фуқароларнинг ҳаёти, соғлиғи ва хавфсизлигини кафолатли ҳимоя қилади.
Қайд этилганидек, лойиҳани иккинчи ўқишга тайёрдаш давомида қўмиталар ва фракцияларда соҳа мутахассислари иштирокида обдон муҳокама қилингани ва тегишли ўзгартиришлар, қўшимчалар киритилиб, янада такомиллаштирилгани алоҳида таъкидланди.
Муҳокамалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА