Хатай вилояти ҳокими билан учрашув
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери Нуриддинжон Исмоилов бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси вакилларининг Туркия Республикаси Хатай вилоятига амалий ташриф давом этмоқда.
Ташриф давомида Спикер Н.Исмоиловнинг Хатай вилояти ҳокими Мустафа Масатли билан учрашуви бўлиб ўтди.

Учрашувда сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Туркия алоқалари, барча йўналишдаги ҳамкорлик кўлами тобора кенгайиб бораётганига алоҳида урғу берилди.
Қонунчилик палатаси Спикери Н.Исмоилов ўзбек ва турк халқларини азалий дўстлик, биродарлик ва қардошлик ришталари ўзаро боғлаб турганини алоҳида таъкидлади. Қайд этилдики, халқларимизнинг тарихий илдизлари бир, бугунги орзу-интилишлари муштарак. Туркий тилда сўзлашувчи халқларимизнинг маданияти, дини ва урф-одатлари бир-бирига жуда яқин.

Туркия Ўзбекистоннинг давлат мустақиллигини биринчи бўлиб тан олган. 1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланган.
Давлатларимиз ўртасида ўзаро ишонч асосидаги дўстона муносабатлар бугун изчил мустаҳкамланиб бораётир. Президент Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдоғаннинг сиёсий иродаси ва узоқни кўзлаган оқилона сиёсати натижасида кейинги йилларда муносабатларимиз янги босқичга чиқди.
Икки томонлама ҳамкорлик сезиларли даражада фаоллашди. Ҳукуматлар, вазирлик ва идоралар, ҳудудлар даражасида доимий мулоқотлар йўлга қўйилган.

Таъкидланганидек, Туркия ва Ўзбекистон ўртасида нафақат икки томонлама муносабатлар фаол ривожланмоқда, балки парламентлараро мулоқотлар ҳам анча фаоллашмоқда. Дўстлик гуруҳларининг фаолияти йўлга қўйилган.
Шунингдек, учрашувда Хоразм вилояти ҳокими Жўрабек Раҳимов Хоразм вилояти билан Туркия ўртасидаги ҳамкорлик, маданий, туризм ва саньат соҳасидаги алоқалар ривожланиб бораётгани, иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлик кенгайиб бораётганини қайд этди.
Ўз навбатида, Хатай вилояти ҳокими Ўзбекистон билан ҳамжиҳатлик кенгайиб бораётгани, қардош ўзбек халқи билан ҳар жиҳатдан яқин ва самимий дўстлик муносабатларини юқори баҳолади.
Синовли, оғир кунларда Ўзбекистон томони биринчилардан бўлиб кўмак қўлини чўзгани Туркия ҳукумати ва хатайликларга катта далда бўлганини қайд этди. Шунингдек, Хатай раҳбари Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари - Самарқанд, Бухоро, Хоразмни бориб кўриш ниятида эканини билдирди.
Самимий ва дўстона руҳда ўтган учрашувда икки томонлама алоқаларни янада фаоллаштириш, қардош халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга келишиб олинди.
Муҳтарама Комилова, Шавкат Тоҳиров (сурат), ЎзА