Ҳарбийлар ўртасида “Аждодлар изидан” интеллектуал ўйини ўтказилди
Пойтахтимиздаги "Заковат" аренасида Ўзбекистон ФВВ Академияси ва Ёшлар иттифоқи Тошкент шаҳар ҳудудий кенгаши ташаббуси билан ёш ҳарбий хизматчилар ва ходимлар ўртасида китобхонлик маданиятини юксалтириш, уларнинг маънавий дунёқарашини бойитиш ҳамда китоб ўқишга бўлган қизиқишларини ошириш мақсадида “Аждодлар изидан” интеллектуал ўйинининг Тошкент шаҳар босқичи бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлар тизимида фаолият юритаётган ёш ҳарбий хизматчи ва ходимларни миллий ва жаҳон адабиётига бўлган қизиқишини янада кучайтириш, уларнинг билим ва тафаккурини синовдан ўтказиш, жамоавий ишлаш кўникмаларини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган тадбирда ҳарбийлар ўзларининг китоб ўқишга бўлган қизиқишлари ва китобхонлик маданиятини намойиш этиш имконига эга бўлишди.


Савол-жавоблар адабиёт, тарих, маънавият ва умумий билимларга оид бўлиб, иштирокчиларнинг зеҳни, тезкор фикрлаши ва билим доирасини намоён этди.
Якуний натижаларга кўра, Мудофаа вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ўртасида 1-ўрин - Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг “Темурийлар” жамоасига, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ўртасида 1-ўрин - Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармасининг “Халоскорлар” жамоасига, Ички ишлар вазирлиги тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ўртасида 1-ўрин - Ички ишлар вазирлиги Академиясининг “Юристлар” жамоасига ҳамда Миллий гвардия тизимидаги ҳарбий қисм ва муассасалар ўртасида 1-ўрин - Миллий гвардия Тошкент шаҳар бошқармасининг “Шерлар” жамоасига насиб қилди.


Шунингдек, Божхона қўмитаси тизимидаги муассасалар ўртасида 1-ўрин - Божхона институтининг “Божхона институти” жамоасига насиб этди.
Умумжамоалар ҳисобида 1-ўрин - Ички ишлар вазирлиги Академиясининг “Юристлар” жамоасига, 2-ўрин - Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигининг “Темурийлар” жамоасига ҳамда 3-ўрин - Божхона институтининг “Божхона институти” жамоасига берилди.


Гулноза Бобоева, ЎзА